Абдурауф Фитрат: Юрт қайғуси (+видео)
"Жадидлар — миллат қаҳрамонлари" лойиҳасининг бу галги сонида шоир ва олим, ёзувчи ва драматург, ўқитувчи ва маърифатпарвар Абдурауф Фитратнинг “Юрт қайғуси” асарига бағишланади.
Фитрат бу асарларни йиғлаб, ҳайқириб ёзган эди, зиёлилар ҳам уни йиғлаб, ҳуррият учун курашиш ҳақида қасамёд қилиб ўқиганлар. Аммо, афсуски, ўзбек халқи Феврал инқилоби берган тарихий имкониятдан фойдалана олмади.
Маълум бўлишича, Фитрат 1918-йилда ёзган “Юрт қайғуси” номли тўртта шеъридан ташқари, 1920-йилда ҳам шу номда яна бир сочмани ёзган экан. Бу Фитратнинг “Тенгиз” тахаллуси билан ёзилган асари бўлиб, “Бухоро ахбори” газетасининг 1920 йил 5 октябрь сонида босилган ва яқинда адабиётшунос Сирожиддин Аҳмад томонидан матбуотда эълон қилинди. Асарда Бухоро амири тахтдан ағдарилгандан кейинги тарихий давр манзаралари тасвирланади.
Бу шеърнинг топилиши Фитратнинг Туркистон Мухторият ҳукумати шафқатсиз равишда тор-мор этилганидан кейин ҳам эрк ва ҳуррият учун фаол кураш олиб борганидан дарак беради.
Фитрат худди шу фаолияти учун — ўз ватанининг мустақиллиги йўлида изчил фаолият олиб борганлиги учун дастлаб адабиёт оламидан узоқлаштирилди, ёзган асарлари нашр этилмади, 1937 йилда эса “халқ душмани” сифатида айбланиб отиб ташланди.
Аммо бутун ҳаёти ва ижодини мустақиллик учун курашга тўла-тўкис бағишлаган, “Юрт қайғуси” сингари халқни озодлик учун курашга даъват этувчи шеърлар, насрий асарлар ва драмалар ёзган Фитрат доим халқ хотирасида барҳаёт қолади.
Батафсил:
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/QjQkMHLktMQ" title="Abdurauf Fitrat: Yurt qayg`usi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА