93 минг 485 нафар фуқаро янги электрон тизим орқали ногиронликка қамраб олинди
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ногиронликни белгилаш тизимини такомиллаштириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда ногиронликни белгилаш ва расмийлаштиришнинг ягона электрон тизими жорий этилиб, барча жараёнлар босқичма-босқич рақамлаштирилди.
Натижада инсон омили сезиларли даражада қисқариб, хулосалар автомат равишда дастур орқали шакллантирилишига эришилди ҳамда ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этилди.
2026 йилнинг I чораги давомида янги стандартлар асосида жами 93 минг 485 нафар фуқарога ногиронлик гуруҳлари белгиланди.
Шунингдек, 8 минг 891 нафар фуқарога муддатсиз ногиронлик белгиланиб, уларнинг ҳар йили қайта кўрикдан ўтиш зарурати камайтирилди ва ортиқча овворагарчиликларнинг олди олинди.
Қайд этиш лозимки, аввал ногиронлик белгиланмаган, аммо касаллиги мавжуд бўлган ҳолатлар қайта кўриб чиқилди. Натижада 21 турдаги касаллик бўйича 1 минг 439 нафар фуқарога ногиронлик белгиланди.
Бундан ташқари, янги 30 турдаги касаллик асосида 2 минг 25 нафар фуқарога муддатсиз ногиронлик белгиланди.
Умуман олганда, мазкур ислоҳотлар ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ҳамда жамиятда тенг имкониятлар яратиш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА