Оқова сувларни тозалаш иншоотида камчиликлар аниқланди
Оқова сувларни тозалаш иншоотлари шаҳар инфратузилмасининг энг муҳим элементларидан бири ҳисобланади. Улар экологик хавфсизлик, сув ресурслари ҳолати ва аҳоли саломатлигига бевосита таъсир кўрсатади.
Пойтахтимизнинг Бектемир туманида жойлашган оқова сувларни тозалаш иншооти шаҳар оқова сувларини тозалашда муҳим ўрин тутади. Бугунги кунда мазкур объектда оқова сувларни тозалаш технологик жараёнларига риоя этишда айрим камчиликлар мавжуд. Жумладан, объектнинг эскиргани, фойдали иш коэффициенти пасайиб кетгани, сув таркибида зарарли моддалар мавжудлиги каби масалалар ўз ечимини кутмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Борий Алихонов, Ольга Литвинова, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига Ўзбекистон Экологик партиясидан сайланган депутатлар, Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Севара Файзиева, Тошкент шаҳар Экология бошқармаси бошлиғи Акмал Расулов ва бошқа масъул ташкилот вакиллари мазкур оқова сувларни тозалаш иншоотида ўрганиш ишларини олиб борди.

Ўрганишлар давомида юқоридаги каби муаммолар аниқланди. Депутатлар бу камчиликлар ва муаммоларни бартараф этиш бўйича масъулларга тегишли тавсиялар берди.
Халқ вакиллари эскирган технологиялардан фойдаланиш мумкин эмаслиги, объектда замонавий ечимларни жорий қилиш лозимлигини таъкидлади. Хусусан, узлуксиз тозалаш тизимлари ҳамда инновацион усуллардан фойдаланиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Пойтахт инфратузилмасида бундай иншоотларнинг аҳамияти, долзарблиги таъкидланиб, бу соҳада депутатлик назоратини давом эттиришга келишиб олинди.
М.Комилова,
ЎзА