7 сентябрь кечқурун қонли ойни томоша қилинг...
7 сентябрь куни эрта ухлашга шошилманг, чунки шу куни осмонда ноёб фазовий ҳолат – тўлиқ Ой тутилиши, яъни халқ орасида “Қонли Ой” деб аталадиган манзара кузатилади. Энг муҳими, ушбу ноёб ҳодисани юртдошларимиз ҳам оддий кўз билан томоша қилиши мумкин.
Хўш, “Қонли Ой” қандай ҳосил бўлади? Тўлиқ тутилган пайт сайёрамизнинг табиий йўлдоши Ер соясига ўтади. Қуёш нури заминимиз теграсидан ўтаётиб, синади ва қизил спектр нури Ой юзасига етиб боради. Натижада Ҳилол одатдагидан фарқли равишда ғаройиб ва сирли – қизғиш тусга киради. Тўлиқ қизариш босқичи тахминан 1 соат 22 дақиқа давом этади. Ушбу қизиқ лаҳзани ўтказиб юбормаслик учун аниқ вақтни эслаб қолинг:
Тошкент вақти билан соат 21:27 да Ой Ер соясига ўта бошлайди. 22:30 да энг ҳаяжонли босқич – тўлиқ тутилиш бошланади ва Ой қип-қизил тусга киради. Соат 23:11 да энг юқори, яъни кульминацион нуқта кузатилади. 23:52 да Ой тўлиқ тутилиши босқичи якунланади. 00:56 да жараён ниҳоясига етади.
Демак, 7 сентябрь куни кечаси соат 22:30 дан 23:52 гача бўлган вақт оралиғида очиқ осмон остига чиқиб, коинотнинг ушбу бетакрор, гўзал манзарасини томоша қилиш мумкин.
Муҳим хабарни яқинларингизга улашинг, улар ҳам ноёб ҳодисани ўтказиб юбормасин.
Фардона Яхшибоева,
Улуғбек Тўхтаев (видео),
ЎзА