35 йиллик тараққиёт йўли
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги олдидан
Бу йил мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллик юбилейи кенг тантана қилинмоқда. Айни байрам арафасида 35 йиллик йўлимизни таҳлил қилар эканмиз, барча йўналишда мисли кўрилмаган натижаларга эришилганига гувоҳ бўламиз.
Энг улуғ, энг азиз байрам олдидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Сайёрa Имомова миллий парламентаризм ривожи, қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги натижаларимиз ҳақида фикр-мулоҳазаларини баён қилди:
— Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён 35 йиллик мураккаб ва шарафли тараққиёт йўлини босиб ўтди. Бу давр миллий давлатчиликни шакллантириш, демократик институтларни ривожлантириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва инсон ҳуқуқларини кафолатлаш борасида улкан ўзгаришлар даври бўлди.
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда давлат ва жамият бошқарувининг ҳуқуқий асослари яратилди. Энг муҳим қадамлардан бири — Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши бўлиб, у мустақил давлатчиликнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворига айланди. Тараққиётнинг муҳим йўналишларидан бири миллий парламентаризмнинг шаклланиши ва такомиллашуви бўлди. Олий Мажлис мамлакат ҳаёти учун зарур бўлган қонунларни қабул қилиш, аҳоли манфаатларини ифода этиш, давлат органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга оширишда муҳим ўрин эгаллади.
Икки палатали парламент тизимининг жорий этилиши эса қонун ижодкорлиги жараёнини янада такомиллаштирди. Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг фаолияти орқали сиёсий партиялар, ҳудудлар ва турли ижтимоий қатламлар манфаатларини ифода этиш имкониятлари кенгайди.
Сўнгги йилларда амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичини бошлаб берди. Янги таҳрирдаги Конституцияда инсон қадри, ҳуқуқ ва эркинликлари, ижтимоий адолат, қонун устуворлиги ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Бугун парламентнинг вазифаси фақат қонун қабул қилиш билан чекланмайди. Қонунларнинг ҳаётда самарали ишлаши, давлат дастурларининг ижроси, бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш ва аҳоли муаммоларининг ҳал этилиши устидан парламент назоратини кучайтириш муҳим аҳамият касб этмоқда.
35 йиллик тараққиёт даври Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ҳам тобора ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Парламент дипломатияси, парламентлараро мулоқот ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик мамлакатнинг ташқи сиёсий алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Эндиликда асосий вазифа — эришилган натижаларни мустаҳкамлаш, қонунларнинг сифатини ошириш, давлат бошқарувида очиқлик ва ҳисобдорликни кучайтириш, парламентнинг халқ билан мулоқотини янада ривожлантиришдан иборат.
Хулоса қилиб айтганда, Мустақил Ўзбекистоннинг 35 йиллик тараққиёт йўли, бу миллий давлатчилик, демократик ислоҳотлар ва инсон қадрини юксалтириш йўлидир. Бу тарихий тажриба келгуси тараққиёт учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади. Энг муҳими, мустақилликнинг мазмуни ва қадрини асраш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда халқ манфаатларига хизмат қиладиган демократик институтларни янада кучайтириш барчамизнинг умумий вазифамиздир.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди. ЎзА