35 та давлат солиқ инспекциясига янги раҳбарлар тайинланди
Мамлакатимизда давлат бошқаруви тизимини модернизация қилиш, айниқса, солиқ маъмуриятчилигини замон талаблари асосида такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда.
Ана шу жараёнларнинг муҳим амалий босқичларидан бири сифатида Солиқ қўмитаси томонидан 35 та давлат солиқ инспекциясига янги раҳбар кадрлар тайинланди.
Қўмита маълумотларига кўра, мазкур тайинловларда асосий эътибор замонавий фикрлайдиган, ташаббускор, ишга креатив ёндашувга эга ҳамда ҳудудларда солиқ маъмуриятчилигини янги босқичга олиб чиқиш салоҳиятига эга ёш кадрларни саралашга қаратилган. Бу эса солиқ органларида очиқлик, самарадорлик ва натижадорликни янада оширишга хизмат қилиши таъкидланмоқда.
Сўнгги йилларда рақамлаштириш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ва тадбиркорлар билан муносабатларни соддалаштириш солиқ тизимидаги устувор йўналишлардан бирига айланди. Янги тайинланган раҳбарлардан ҳам айнан шу йўналишларда замонавий бошқарув усулларини жорий этиш, тадбиркорлик субъектлари билан очиқ мулоқотни кучайтириш ва ҳудудларда солиқ интизомини мустаҳкамлаш талаб этилмоқда.
Эътиборли жиҳати шундаки, янги тайинловлар орасида хотин-қиз раҳбар кадрлар ҳам муносиб ўрин эгаллади. Хусусан, Сугдиёна Ниёзова Мехмоновна, Захро Умарова Фурқат қизи, Мунира Абдукаюмова Сафаровна ҳамда Мафтуна Шотураева Элтураевнанинг раҳбарлик лавозимларига тайинлангани солиқ тизимида гендер тенгликни таъминлаш ва аёлларни бошқарув жараёнларига кенг жалб қилиш борасидаги ишлар янги босқичга чиққанини кўрсатади.
Мазкур янгиланишлар солиқ органлари фаолиятини янада самарали ташкил этиш, ҳудудларда инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ҳамда давлат бюджети тушумларини барқарор таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Солиқ қўмитаси томонидан олиб борилаётган институционал ислоҳотлар келгусида ҳам тизимда профессионал, ташаббускор ва халқ билан ишлай оладиган раҳбар кадрлар корпусини шакллантиришга хизмат қилиши қайд этилмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА