Ўзбекистон ва Афғонистон “яшил йўлак”ни жорий этишга тайёрланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси ҳамда Афғонистон божхона органлари масъул вакиллари ўртасида онлайн форматда икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида икки давлат ўртасидаги божхона ҳамкорлигини янада ривожлантириш, амалдаги келишувларни такомиллаштириш ҳамда чегара божхона постларида юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашувда “Ҳайратон–Айритом” чегара божхона пости орқали юк транспорт воситалари ҳаракати билан боғлиқ мавжуд муаммолар кўриб чиқилди. Хусусан, транспорт воситаларининг тўпланиб қолиши ҳамда реконструкция ишлари сабабли юзага келаётган ноқулайликлар муҳокама марказида бўлди.
Шунингдек, томонлар чегара орқали ўтказиш жараёнларини соддалаштириш ва тезлаштиришга хизмат қилувчи “яшил йўлак” механизмини жорий этиш, ахборот алмашинуви тизимини такомиллаштириш ҳамда божхона тартиб-таомилларини уйғунлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Мулоқот давомида божхона соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилувчи янги икки томонлама битим лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди. Афғонистон томони “яшил йўлак” механизми бўйича ўз таклифларини тез кунларда тақдим этишини маълум қилди. Шунингдек, ахборот алмашинуви масалалари юзасидан ҳам расмий позиция қисқа муддатларда билдирилиши қайд этилди.
Ўзбекистон томони юк ташиш жараёнларининг узлуксизлигини таъминлаш, божхона расмийлаштирувини тезлаштириш ҳамда тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш муҳимлигини таъкидлади.
Учрашув якунида томонлар мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал этиш, амалий ҳамкорликни янада кучайтириш ҳамда доимий мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.
Ш.Маматуропова, ЎзА