30 майдан бошлаб Термиз – Истанбул – Термиз авиақатнови йўлга қўйилади
Ўзбекистонда транспорт ва логистика тизимини модернизация қилиш, халқаро қатновларни кўпайтириш ҳамда туризм салоҳиятини ошириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланиб бормоқда. Айниқса, мамлакатнинг тарихий шаҳарлари ва стратегик ҳудудларида халқаро авиация тармоқлари орқали иқтисодий фаолликни кучайтириш, хорижий инвестор ва сайёҳларни жалб қилиш мақсад қилинмоқда.
Шу жараёнда 30 майдан бошлаб йўлга қўйилаётган Термиз – Истанбул – Термиз мунтазам авиақатнови алоҳида аҳамият касб этади. Ҳафтасига икки марта - чоршанба ва шанба кунлари амалга ошириладиган ушбу рейс нафақат жанубий ҳудуд аҳолиси учун қулай транспорт имкониятини яратади, балки Ўзбекистоннинг халқаро туризм ва бизнес алоқаларини кенгайтиришда ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Янги авиақатнов Ўзбекистонга кирувчи туризм оқимини оширишда муҳим роль ўйнаши кутилмоқда. Айниқса, тарихий ва зиёрат туризми йўналишида Термизнинг имкониятлари жуда катта. Шаҳарда қадимий қалъалар, археологик обидалар ва ноёб маданий мерос намуналари мавжуд. Хорижий сайёҳлар учун тўғридан-тўғри рейсларнинг мавжудлиги сафарни анча қулайлаштиради. Аввалроқ кўплаб туристлар Термизга етиб бориш учун бир неча босқичли йўналишлардан фойдаланишга мажбур бўларди.
Энди эса Истанбул орқали халқаро саёҳатчилар қисқа вақт ичида Ўзбекистон жанубига етиб келиш имкониятига эга бўлади. Бу эса меҳмонхона, ресторан, транспорт, гидлик хизматлари ва ҳунармандчилик каби туризм билан боғлиқ соҳаларда иқтисодий фаолликни оширади.
Термиз – Истанбул – Термиз авиарейсининг йўлга қўйилиши Ўзбекистоннинг халқаро авиация тармоғини кенгайтириш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир. Ушбу янги йўналиш туризм ривожи, иқтисодий ҳамкорлик, инвестицион фаоллик ва ҳудудий инфратузилманинг такомиллашувига хизмат қилади.
Энг муҳими, бу ташаббус Термизнинг халқаро аҳамиятини ошириб, уни Жанубий Ўзбекистоннинг муҳим транспорт ва туризм марказига айлантириш учун мустаҳкам замин яратади. Янги авиақатновлар мамлакатнинг очиқлик сиёсатини янада кучайтириб, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти билан интеграциясини янги босқичга олиб чиқади.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎЗА