3 ойда чиқиндилар билан боғлиқ 2 мингдан ортиқ қоидабузарлик аниқланди
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндиларни тўғри бошқариш бугунги кунда долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Бу борада назоратни кучайтириш ва замонавий технологияларни жорий этиш орқали ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш имкониятлари кенгаймоқда.
Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги қошидаги кузатув камераларидан фойдаланиш ва назорат қилиш бўлими томонидан республика бўйлаб кўплаб ҳудудларда онлайн кузатув камералари ўрнатилган.

Мазкур камералар орқали белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаш билан боғлиқ қатор ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланмоқда.

Жумладан, 2026 йилнинг дастлабки 3 ойида республикада чиқиндилар билан боғлиқ жами 2 минг 107 та қоидабузарлик ҳолати қайд этилган. Шундан 322 та ҳолат бўйича маъмурий жавобгарлик қўлланилиб, жарималар ундирилган. Қолган 1 минг 785 та ҳолат бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, ҳозирги кунда республика бўйлаб қарийб 700 та онлайн кузатув камераси фаолият юритмоқда. Ушбу тизим нафақат чиқинди ташлаш билан боғлиқ, балки бошқа турдаги экологик ҳуқуқбузарликларни ҳам аниқлаш ва уларга нисбатан тегишли чоралар кўриш имконини бермоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА