29 та корхона биржа савдосидан четлатилди
Рақобат қўмитаси томонидан ички бозорда буғдой ва ун маҳсулотлари нархларини барқарорлаштириш мақсадида ўтказилган мониторинглар қатор қонунбузилиш ҳолатларини очиб берди.
Амалдаги тартибга кўра буғдой ва ун маҳсулотлари фақат биржа савдолари орқали сотилиши шарт. Шунингдек, давлат ресурси ҳисобидан харид қилинган буғдойдан ишлаб чиқарилган унни ҳам белгиланган ҳажмда биржага чиқариш мажбурий ҳисобланади.
Текширувлар давомида айрим корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган ун маҳсулотини биржага чиқармаслик ҳолатлари аниқланди.
Шунга кўра, 2026 йил 3 апрелдан бошлаб 29 та корхона қонунчилик талабларини бузгани учун биржа савдоларидан четлаштирилди.
Қўмита шу билан чекланиб қолмади. Жорий йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, биржа орқали савдо қилиш тартибига риоя этмаган яна 25 та ун ишлаб чиқарувчи корхонага нисбатан иш қўзғатилди ва тегишли чоралар кўрилмоқда.
Давлат ресурси буғдойини харид қилган ҳар бир корхона ун маҳсулотини белгиланган тартибда биржа савдоларига чиқариши шарт. Қоидалар бузилса, қатъий чоралар кўрилади.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА