2026 йилда энергия самарадорлиги янада оширилади
Энергия ресурсларига бўлган талаб йил сайин ортиб бораётган бугунги шароитда улардан самарали ва оқилона фойдаланиш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда.
Президентимиз томонидан қабул қилинган “2026 йилда энергия самарадорлигини янада ошириш, энергия ресурсларини тежаш ва улардан оқилона фойдаланишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон нафақат энергия тежамкорликни кучайтириш, балки иқтисодиёт тармоқларида замонавий технологиялар орқали барқарор ривожланишни таъминлашга хизмат қилади.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 июлдан вазирлик ва идоралар, давлат ташкилотлари ва ижтимоий соҳа муассасалари ҳамда давлат иштирокидаги корхоналарнинг янги қуриладиган, реконструкция (модернизация) қилинадиган ва мукаммал таъмирланадиган бино ва иншоотларида энергия самарадорлигининг “С” ва ундан юқори тоифасига эга бўлиш талаби киритилади.
Электр энергияси ва табиий газни истеъмолчиларни тармоқдан ажратиш ва чеклов киритиш ҳисобидан тежашга йўл қўйилмайди.
Энергия самарадорлиги миллий агентлигига Энергия самарадорлигини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали энергия сервис компаниялари (ЭСКО) томонидан давлат буюртмалари асосида кўрсатиладиган энергия сервис хизматлари учун кафолатланган тўловларни амалга ошириш ҳуқуқи берилади.
2026 йилдан ҳар йили энергия сарфи белгиланган нормативлардан кескин ошиб кетган давлат объектларида халқаро стандартлар ва энергия сервис механизмлари асосида энергия самарадорлигини тубдан яхшилаш дастурлари амалга оширилади.
2026 йил 1 октябрга қадар объектлар кесимида катта ҳажмдаги маълумотлар (Big Data), бизнес-таҳлил (Business Intellegence) ва сунъий интеллект технологиялари асосида энергия истеъмолини ва самарадорлик кўрсаткичларини таҳлил қилиб бориш амалиёти йўлга қўйилади.
Н.Раҳмонова,
ЎзА