Нотариуслар фаолияти ўрганилди
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Нотариал палатаси ишчи гуруҳи томонидан Хоразм вилоятида жойларга чиққан ҳолда нотариуслар фаолияти ўрганилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 майдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда 2025 йил 9 сентябрда қабул қилинган “Нотариат институтини янада ривожлантириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мамлакатимизда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда нотариат институтининг ролини кучайтириш, нотариуслар фаолиятини рақамлаштириш ишлари изчил давом этмоқда. Мазкур вазифалар доирасида нотариат тизимига жорий этилаётган янгиликлар натижасида аҳолига ҳуқуқий хизмат кўрсатиш сифати ва қулайлиги кун сайин ошиб бормоқда.

Республика ишчи гуруҳи Урганч шаҳри ҳамда Урганч туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар идораларида бўлиб, мазкур янгиликларнинг амалда қандай татбиқ этилаётгани билан қизиқди.
– Бугун мамлакатимизда фуқароларнинг вақт ва ортиқча оворагарчилигини олдини олиш мақсадида онлайн нотариал ҳаракатлар йўлга қўйилган, – дейди хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар Санжар Собиров. – Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб уй-жой ҳамда автотранспорт воситаларини олди-сотди қилишда нақдсиз тўлов тартибини қўллаш амалиёти жорий этилди ва бу йўналишда тизимли ишлар давом эттирилмоқда. Идорамизга келган мутасадди раҳбарлар бизга шу ва бошқа мавзуларда амалий ва услубий тавсиялар берди.

Ўрганишлардан сўнг Хоразм вилоят адлия бошқармасида нотариуслар билан учрашув ўтказилди.
Учрашувда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш, нотариуслар олдига қўйилган талаблар, шунингдек, янги жорий қилинган нотариал ҳаракатларнинг амалдаги ижроси масалалари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, раҳбарият томонидан нотариусларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА мухбири