10 га яқин давлатнинг ёш каратэчилари беллашди
Пойтахтимиздаги “Жар” спорт-соғломлаштириш мажмуасида каратэнинг косики йўналиши бўйича ўтказилган очиқ жаҳон чемпионатида 10 га яқин давлатнинг маҳоратли ёш каратэчилари ғолиблик йўлида кураш олиб борди.
Россия, Германия, АҚШ, Малайзия, Миср, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг 300 нафардан ортиқ спортчи ёшлари қатнашган биринчилик доирасида яккалик ва жамоавий тартибда кумитэ ҳамда ката мусобақалари бўлиб ўтди.

–Ёшларни оммавий спорт машғулотларига кенг жалб этиш тўғрисидаги бир қатор қарорларда маҳоратли ёшларни саралаш вазифаси белгиланган. Шу мақсадда ташкил этилган ушбу чемпионатда ўзбекистонлик спортчилар якка тартибдаги кумитэ баҳсларида 19 та олтин, 10 та кумуш ва 8 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида етакчиликни қўлга киритди, – дейди Ўзбекистон фудокан каратэ-до федерацияси бош котиби Равшан Талипов.
Айтиш лозим, чемпионатда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги “Жар” спорт-соғломлаштириш комплекси каратэ секциясида шуғулланувчи ёш каратэчилар юқори натижаларни қайд этди. Жумладан, Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Ҳаётхон Халикова, Элмуҳаммад Ўралов, Шерзод Анваров, Муслима Бадалова, Беҳруз Исманалиев каби спортчиларимиз юксак маҳорат, матонат ва иродасини намоён этган ҳолда олтин медалларни қўлга киритди.

Мазкур жаҳон чемпионати юртимизда каратэ спортини янада ривожлантириш, халқаро спорт ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва спортчиларимизнинг маҳорат даражасини оширишда муҳим аҳамият касб этди.
Т.Рўзиев,
ЎзА