Замонавий техника ва тежамкорлик — юқори ҳосил гарови
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жиззах вилояти Пахтакор туманида пахта йиғим-терими қизғин давом этмоқда. Фермер хўжаликларида етиштирилган ҳосилни қисқа муддатда, сифатли ва нобудгарчиликсиз йиғиб олишда замонавий қишлоқ хўжалиги техникаларидан самарали фойдаланилмоқда.
[gallery-31690]
Жумладан, “Навбаҳор” фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмаси ҳудудидаги “Солинлик Муродбой ери” фермер хўжалигида 103 гектар умумий ер майдонининг 33 гектарига пахта экилган. Майдонларда Хитойнинг ҳосилдор “73” навидан фойдаланилиб, ғўза қўш қатор усулида парваришланган. Айни пайтда ҳосил 2 та замонавий “Bashiran” пахта териш комбайни ёрдамида йиғиб олинмоқда.
“Пахтакор” ФХҲУ ҳудудидаги “Равот” фермер хўжалигида ҳам терим суръати юқори. Хўжаликда 36 гектар майдонда пахта етиштирилган бўлиб, ҳосилни ёғин-сочинга қолдирмасдан қисқа муддатда йиғиб олиш чоралари кўрилган.
— Бу йилги мавсумда теримни комбайнлар ёрдамида бошладик. 36 гектар майдонда пахта парваришланган бўлиб, ҳозир 10 гектар майдондан гектарига 60 центнердан ортиқ ҳосил оляпмиз. Бундай натижага сўнгги икки йилда сувни тежовчи технологияларни жорий этиш, Хитой пахта навини экиш ва агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш орқали эришдик, - дейди хўжалик раиси Ҳусан Одилов.
Шу ҳудуддаги “Нўъмон ота” фермер хўжалигида ҳам 118 гектар умумий ер майдонининг 85 гектарига пахта экилган. Ҳозирда ҳосил замонавий техникалар ёрдамида йиғиб олинмоқда.
Таъкидлаш жоиз, замонавий агротехнологиялар ва хорижий уруғчилик тажрибасининг жорий этилиши натижасида илгари гектаридан 25–30 центнер ҳосил олинган майдонларда бугунги кунда 80–100 центнергача ҳосил етиштирилмоқда.
Жорий йилда Жиззах вилоятида 73 минг гектардан ортиқ майдонда ғўза парваришланиб, 400 минг тонна пахта ҳосили етиштириш режалаштирилган. Ҳосилни 30 кун ичида йиғиб-териб олиш учун 350 тадан ортиқ пахта териш машиналари ва замонавий комбайнлар далага жалб этилган. Бу эса қўл меҳнатига бўлган эҳтиёжни камайтириб, мавсумни қисқа муддатда якунлаш имконини бермоқда.
Жамшид ЁРБЕКОВ(сурат),ЎзА