Остонада бола ҳуқуқларини таъминлаш бўйича Ўзбекистон тажрибаси тақдим этилди
Қозоғистоннинг Остона шаҳрида «Болалар овози: миллий стратегиялар ва хавфсиз рақамли муҳит» мавзусида Марказий Осиё давлатлари Болалар омбудсманларининг II халқаро форуми бўлиб ўтди.
Тадбирда Марказий Осиё давлатлари, Хитой ва Япониянинг бола ҳуқуқлари бўйича вакиллари, Европа болалар омбудсманлари тармоғи (ENOC), ЮНИСЕФ ҳамда ЕХҲТ вакиллари иштирок этди. Форумда БМТ Бош котибининг болаларга нисбатан зўравонлик масалалари бўйича махсус вакили Нажат Маалла Мъжид ҳам қатнашди.
Форумда бола ҳуқуқларини таъминлаш бўйича миллий стратегиялар, болаларни ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Болалар учун тенг имкониятлар яратиш, инклюзив муҳитни ривожлантириш, уларни рақамли макондаги таҳдидлардан ҳимоя қилиш ҳамда психологик фаровонлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Пленар сессияда Ўзбекистон Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова маъруза қилиб, боланинг энг устун манфаатларини таъминлаш борасидаги миллий тажрибани тақдим этди.
Маърузада Ўзбекистонда бола манфаатларини таъминлаш давлатнинг узоқ муддатли стратегик вазифаси экани таъкидланди. Сўнгги беш йилда ушбу соҳанинг ҳуқуқий ва институционал асослари янгиланиб, бола ҳуқуқларига оид қонунлар қабул қилингани, ихтисослаштирилган органлар ташкил этилгани ҳамда болаларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг янги шакллари жорий этилгани қайд этилди.

Форум давомида Ўзбекистоннинг бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги миллий тажрибаси ва бу йўналишдаги қатъий позицияси халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилди. Иштирокчилар илғор тажрибалар алмашиш, болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш ҳамда идоралараро ҳамкорликни кучайтириш юзасидан фикр алмашди.
Форум доирасида иштирокчилар Қозоғистон Республикаси Конституциявий суди раиси Элвира Азимова билан учрашди.
Унда Қозоғистонда амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги аҳамияти, шунингдек, бола ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатлашга қаратилган янги конституциявий нормалар ҳақида маълумот берилди.
Конституциявий суд амалиётида бола манфаатларига оид кўриб чиқилган ишлар ва қабул қилинган қарорлар мазмуни муҳокама қилинди. Марказий Осиё мамлакатларининг конституциявий одил судлов соҳасидаги миллий тажрибаси юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Маълумот учун, Марказий Осиё давлатлари бола ҳуқуқлари бўйича вакилларининг минтақавий ҳамкорлик платформасини яратиш ташаббусини Ўзбекистон илгари сурган. Мазкур ташаббус доирасидаги биринчи форум Тошкент шаҳрида ўтказилган.
Н.Абдураимова, ЎзА