Юртимиз спортчилари Бошқирдистон спортчилари билан беллашди
Тошкент вилояти спорт делегацияси Россия Федерациясининг Бошқирдистон Республикаси спорт жамоалари билан амалий машғулотларда иштирок этиб, катта спорт тажрибасини тўплади.
Тошкент вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Рустам Бобоқулов бошчилигидаги мамлакатимиз спорт жамоалари Бошқирдистон спортчилари билан дзюдо, эркин ва юнон-рум кураши, белбоғли кураш спорт турлари бўйича ўтказилган ўқув-машғулотларда қатнашиб, ўзаро ўртоқлик мусобақаларида куч синашди.

Ўтказилган беллашувларнинг белбоғли кураш ва дзюдо мусобақаларида ўзбекистонлик спортчиларнинг қўли баланд келди. Юнон-рум кураши баҳсларида эса жамоалар дуранг натижа қайд этди.

Бошқирдистон Республикаси спорт ташкилотлари ҳамда Тошкент вилояти спорт бошқармаси мутасаддилари иштирокида ўтказилган учрашувларда спорт жамоалари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш юзасидан таклифлар илгари сурилиб, келишувларга эришилди.
Т. Рўзиев, ЎзА