Пойтахтимизда волейбол бўйича Ўзбекистон кубоги баҳслари қизғин паллага кирди
Тошкент шаҳрида волейбол бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақалари қизғин давом этмоқда. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган эркаклар ва аёллар жамоалари кубокнинг бош соврини учун баҳс олиб бормоқда.
Эркаклар ўртасидаги беллашувлар «Олимпия шаҳарчаси»да, аёллар жамоалари ўртасидаги учрашувлар эса пойтахтимиздаги волейболга ихтисослашган 1-спорт мактаби залларида ўтказилмоқда.
Эркаклар мусобақасида 19 та жамоа тўрт гуруҳга бўлинган ҳолда иштирок этди. Гуруҳ босқичи ва саралаш учрашувларидан сўнг кейинги босқичга йўл олган жамоалар аниқланди. Бугун эркаклар ўртасида чорак финал учрашувлари бўлиб ўтиб, ярим финал йўлланмалари учун кураш давом этади.
Аёллар ўртасидаги мусобақада эса 10 та жамоа ғолиблик учун курашни бошлаган бўлиб, бугун ярим финал босқичида тўртта жамоа иштирок этмоқда. Ҳал қилувчи учрашувларда жамоалар финалга йўлланма олиш ва кубок учун курашни давом эттириш мақсадида майдонга тушади.
[gallery-31897]
Мусобақаларда волейболчиларнинг техник маҳорати, жамоавий ҳамкорлиги ва ғалабага бўлган интилиши намоён бўлмоқда. Ҳар бир учрашувдаги кескин кураш ва натижа учун интилиш беллашувларга ўзгача шиддат бағишламоқда.
Ўзбекистон кубогининг ғолиб ва совриндорлари 14 октябрь куни бўлиб ўтадиган якуний учрашувлар натижасида аниқланади.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА