Ёзги таътил — иқтидорни рўёбга чиқариш имконияти
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси тасарруфидаги Ангрен шаҳридаги 9-сонли алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактабда ёзги таътил даври ўқувчилар учун мазмунли ва самарали ташкил этилмоқда.
Мазкур таълим муассасасида бугунги кунда 112 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Бу ерда таълим сифати билан бир қаторда ўқувчиларнинг спорт, ижодий ва касбий салоҳиятини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Уларнинг иқтидорини юзага чиқаришга хизмат қилувчи турли лойиҳа ва тадбирлар мунтазам ўтказиляпти.

Жорий йилнинг 5 апрель куни Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташаббуси билан ташкил этилган “Инсон учун” марафонида мазкур мактабнинг 21 нафар ўқувчиси фаол иштирок этди. Мусобақа якунига кўра, Латифа Габдрахманова учинчи ўринни эгаллаб, 1 миллион сўм, Мадина Яҳёева эса иккинчи ўринни қўлга киритиб, 2 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди. Шунингдек, июнь ойида ўтказилган “Қуёшли болалар” спорт мусобақаларида Али Дашзарини, Асл Рисбоев, Азиз Қаршибоев ва Фарзона Нуруллаева муваффақиятли иштирок этиб, жами бешта медални қўлга киритди. Бу натижа таълим муассасасида спортни оммалаштириш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш йўлида амалга оширилаётган тизимли ишлар самарасидир.

Айни пайтда мактабда ёзги таътилни мазмунли ташкил этишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Таътил кунларида ўқувчилар спорт машғулотлари, фан ва ижодий тўгараклар, шунингдек, касб-ҳунарга йўналтирувчи машғулотларга кенг жалб этилмоқда.

Педагоглар ва тўгарак раҳбарлари ҳар бир боланинг қизиқиши ҳамда қобилиятидан келиб чиқиб машғулотларни ташкил этаётгани эса уларнинг бўш вақтини самарали ўтказиш, иқтидорини ривожлантириш, ижтимоий фаоллигини ошириш ва мустақил ҳаёт учун зарур кўникмаларни шакллантиришга хизмат қилмоқда. Бу каби ташаббуслар алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг жамият ҳаётида фаол иштирок этиши ва ўз имкониятларини тўлиқ намоён этиши учун мустаҳкам замин яратмоқда.
А.Мусаев,ЎзА.