“Ёшлар туризми ҳафталиги”: Ўзбекистон бўйлаб саёҳат ва янги имкониятлар
Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан 20-30 март кунлари республикамиз бўйлаб “Ёшлар туризми ҳафталиги” ташкил этилмоқда. Мазкур ташаббус доирасида 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган ўқувчилар, талабалар ва ёшлар юртимизнинг диққатга сазовор масканларига саёҳат қилиши мумкин.
Ҳафталик доирасида ташкил этилаётган саёҳатлар ёшларнинг бой тарихий-маданий меросимиз, миллий қадриятларимиз ҳамда юртимизнинг бетакрор табиат манзаралари билан яқиндан танишишига хизмат қилади.

Шунингдек, мазкур тадбирлар орқали ёшлар ўртасида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва ички туризмга бўлган қизиқишни ошириш мақсад қилинган.

Саёҳатлар давомида иштирокчилар учун турли маънавий-маърифий учрашувлар, маданий тадбирлар ва кўнгилочар дастурлар ташкил этилмоқда. Бу эса ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиши, ўзаро тажриба алмашиши ва янги дўстлик алоқаларини ўрнатиши учун кенг имконият яратмоқда.

Шунингдек, ҳафталик доирасида республикадаги жойлаштириш воситалари томонидан 20 фоизгача чегирмалар жорий этилди. Маданий мерос агентлиги ва “Вақф” хайрия фонди тасарруфидаги зиёратгоҳларга эса ёшлар учун 10 фоизлик чегирмалар белгиланган.

Бундан ташқари, Маданият вазирлиги тасарруфидаги Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги давлат театрларида 21-27 март кунлари “Театр томошалари ҳафталиги” доирасида бепул спектакллар намойиш этилмоқда. Театр ихлосмандлари очиқ кассалар орқали таклифномалар олиб, ушбу томошаларга ташриф буюриши мумкин.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА