Туризм: ҳудудларда инфратузилма жадал ривожлантирилади
“Ҳудудларда туризм инфратузилмасини жадал ривожлантириш ва соҳада лойиҳа бошқаруви тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–161-сон, 30.04.2026 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, “Жозибадор манзил – лойиҳа – инфратузилма – тадбиркор – тарғибот – сайёҳ” занжири бўйича лойиҳа бошқаруви асосида 34 та туризм объектининг мастер режаси ишлаб чиқилади.
31 та туризм объектининг фаолияти ташкил этилади ҳамда ривожлантирилади.
Туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳа офиси республика ёки маҳаллий даражадаги барча турдаги туристик зоналар ва туристик кластерлар дирекциялари фаолиятини умумий мувофиқлаштирувчи муассаса ҳисобланади.
2026 йил 1 июндан Туризм қўмитаси томонидан босқичма-босқич туристлар ташриф буюрувчи зиёратгоҳлар ҳудудларининг функционал жиҳатдан ажратилган чегараларини белгилаш ва мумкин бўлган ҳолларда кўп қаватли биноларни жойлаштириш орқали уларнинг ҳудудларини кенгайтириш ҳамда улардан фойдаланиш учун алоҳида дизайн-код жорий этилади.
Туризм соҳасини барқарор ва комплекс ривожлантириш мақсадида лойиҳаларни амалга оширишда давлат органлари, тадбиркор ва инвесторлар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда таълим ва эксперт ташкилотлари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни таъминловчи “давлат – бизнес – жамоатчилик – таълим” (Quattro) тизими жорий этилади.
2027 йилдан йилига 2 марта Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан сайёҳлар ўртасида танланма кузатувлар ўтказиш амалиёти жорий этилади.
ЎзА