Ёшлар ташаббусига кенг йўл очилди
Тошкент кимё-технология институтининг Янгиер филиалида Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Садуллаев иштирокида нафақат талаба-ёшлар, маҳаллалар ёшлари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Учрашув ёшларнинг ташаббус ва ғояларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларига ечим топиш ҳамда инновацион лойиҳаларни амалиётга жорий этиш масалаларига бағишланди.
Очиқ ва самимий руҳда кечган мулоқот давомида талабалар томонидан 40 дан ортиқ таклиф ва мурожаат билдирилди. Улар таълим сифати, илмий фаолиятни ривожлантириш, стартап экотизимини кенгайтириш, рақамлаштириш, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳаси ҳамда ёшлар бандлигини таъминлаш каби йўналишларни қамраб олди.
Айниқса, илгари сурилган ташаббусларнинг 13 таси стартап, рақамлаштириш, таълим, илм-фан, қишлоқ хўжалиги ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантиришга қаратилган инновацион лойиҳалардан иборат бўлди. Муаллифлар ўз ишланмаларининг амалий аҳамияти, иқтисодий самарадорлиги ва истиқболлари юзасидан тақдимот ўтказди.
Учрашувда билдирилган барча таклиф ва мурожаатлар атрофлича муҳокама қилиниб, уларни ҳаётга татбиқ этиш ва белгиланган тартибда ҳал этиш юзасидан масъул ташкилотлар ҳамда мутасаддиларга аниқ вазифалар юклатилди. Шунингдек, истиқболли лойиҳаларни молиявий ва ташкилий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.
[gallery-30652]
Мулоқот доирасида филиалда яратилган инновацион маҳсулотлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Унда талабалар иштирокида ишлаб чиқилган электромобил лойиҳаси алоҳида қизиқиш уйғотди. Шунингдек, энергия тежамкор технологиялар, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларига оид қатор стартап ишланмалари намойиш қилиниб, уларнинг тижоратлаштириш ва ишлаб чиқаришга жорий этиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Шу куни Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиалида вилоят Ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилаётган Сунъий интеллект ва киберхавфсизлик ўқув марказида амалга оширилаётган ташкилий ва тайёргарлик ишлари билан ҳам танишди.
Ташриф давомида вилоят ҳокимига марказнинг асосий мақсад ва вазифалари, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланиши, ўқув хоналари ва амалий лабораторияларни ташкил этиш, ўқув жараёнини халқаро талаблар асосида йўлга қўйиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Таъкидланганидек, мазкур марказ ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касбларга йўналтириш, уларнинг сунъий интеллект, дастурлаш, ахборот технологиялари, киберхавфсизлик ва рақамли технологиялар соҳаларидаги назарий билимлари ҳамда амалий кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилади. Шунингдек, бу ерда иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш ва стартап лойиҳаларини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратилади.
Эркинжон Турдимов рақамли иқтисодиёт жадал ривожланаётган бугунги шароитда сунъий интеллект ва киберхавфсизлик соҳалари учун малакали мутахассислар тайёрлаш стратегик аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Шунингдек, ҳоким марказ фаолиятини ишлаб чиқариш билан узвий боғлаш, ёшларни реал лойиҳаларга жалб этиш, IT-компаниялар ва соҳавий ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш, ўқув дастурларини меҳнат бозори талаблари асосида такомиллаштириш, амалий машғулотлар самарадорлигини ошириш ҳамда соҳа мутахассисларини таълим жараёнига кенг жалб этиш бўйича ўз таклиф ва тавсияларини билдирди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА