«Aero Nomad» Тошкент ва Бишкек ўртасида мунтазам авиақатновларни йўлга қўяди
Янги авиақатнов Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ҳаво қатновлари имкониятларини янада кенгайтиради.
Қирғизистоннинг «Aero Nomad» авиакомпанияси Тошкент ва Бишкек ўртасида мунтазам йўловчи авиақатновларини йўлга қўйишга тайёргарлик кўрмоқда. Янги рейслар икки қўшни давлат ўртасидаги транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш, сайёҳлик ва ишбилармонлик сафарлари учун янада қулай имкониятлар яратиши билан аҳамиятлидир.
Дастлабки маълумотларга кўра, “Бишкек – Тошкент – Бишкек” йўналиши бўйича мунтазам парвозлар 2026 йил 23 августдан бошланади. Рейслар ҳафтасига икки марта – пайшанба ва якшанба кунлари Airbus A320 русумидаги ҳаво кемаларида амалга оширилади.
Айни пайтда мазкур йўналишда «Centrum Air» ҳамда «Uzbekistan Airways» авиакомпаниялари йўловчиларга хизмат кўрсатмоқда. «Aero Nomad»нинг ҳам бозорга кириб келиши билан “Тошкент – Бишкек” йўналишида мунтазам парвозларни амалга оширувчи авиаташувчилар сони учтага етади.
Мутахассисларнинг фикрича, рақобатнинг ортиши авиачипталар танловини кенгайтиради, хизмат сифати яхшиланишига туртки беради ва икки мамлакат ўртасидаги ҳаво транспорти алоқаларини янада фаоллаштиради. Бу эса туризм, савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва ишбилармонлик муносабатларининг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.
Шунингдек, авиакомпания келгусида Бишкекдан Ўзбекистоннинг яна икки йирик шаҳри – Самарқанд ва Урганчга ҳам мунтазам парвозларни йўлга қўйиш имкониятини ўрганмоқда. Бу режалар амалга ошса, мамлакатлар ўртасидаги ҳаво қатновлари географияси янада кенгаяди.
Маълумот ўрнида, «Aero Nomad» 2021 йилда ташкил этилган Қирғизистон авиакомпанияси бўлиб, Бишкек халқаро аэропорти базасида фаолият юритади. Компания Airbus A320 оиласига мансуб ҳаво кемаларида мунтазам ҳамда чартер рейсларини амалга ошириб келмоқда.
Янги авиақатновнинг йўлга қўйилиши Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги дўстона муносабатлар ҳамда транспорт соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА