“Ёшлар ойлиги” бошланди
Бугунги Янги Ўзбекистон тараққиётининг энг муҳим омилларидан бири бу билимли, ташаббускор, ватанпарвар ва фидойи ёшларни камол топтиришдир. Зеро, ҳар қандай давлатнинг эртанги куни, унинг тараққиёти ва қудрати ёш авлоднинг маънавий дунёси, интеллектуал салоҳияти ҳамда Ватанга бўлган муҳаббати билан чамбарчас боғлиқ.
Улуғ мақсадлар йўлида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган “Ёшлар ойлиги” тадбирларига Шимоли-ғарбий ҳарбий округининг барча гарнизонларида кўтаринки руҳ ва юксак тантана билан старт берилди. Тадбирларда ёшлар, фахрийлар, нуронийлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар етакчилари ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари иштирок этди.
Тантанали тадбирлар давомида ёшларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик, уларнинг орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш, ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишлар алоҳида таъкидланди. Сўзга чиққанлар ёшлар мамлакатнинг энг катта бойлиги, тараққиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи эканлигини, уларни юртга садоқат, халқ манфаатларига дахлдорлик ва масъулият туйғуси билан улғайишларини қайд этдилар.
Болалар қалбида эзгулик ва меҳр-оқибат туйғуларини мустаҳкамлаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида тайёрланган дастурлар байрамга ўзгача файз бағишлади. Ҳар бир боланинг юзидаги самимий табассум, кўзларидаги қувонч ва шодлик ушбу эзгу ташаббусларнинг амалий натижаси бўлди.
Байрам тадбирларининг энг таъсирчан жиҳатларидан бири ҳарбий оркестр жамоаларининг жўшқин чиқишлари, ёш ижодкорларнинг саҳна кўринишлари ҳамда бадиий дастурлар тадбир иштирокчиларига кўтаринки кайфият улашиб, ҳақиқий байрам муҳитини яратди.
[gallery-29747]
Таъкидлаш жоизки, “Ёшлар ойлиги” фақатгина байрам тадбирлари билан чекланиб қолмайди. Ойлик давомида барча гарнизонларда спорт мусобақалари, ҳарбий-ватанпарварлик учрашувлари, маънавий-маърифий тадбирлар, китобхонлик танловлари, интеллектуал беллашувлар, очиқ мулоқотлар ва ёшларнинг билим ҳамда дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қилувчи кўплаб лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилганлиги таъкидланди.
Бундай тадбирлар ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг истеъдод ва қобилиятларини юзага чиқариш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ҳамда Ватан ҳимоячиларига бўлган ҳурматни янада оширишга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.