Ёшлар бандлигини таъминлаш устувор вазифа
Бугун юртимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш, имконият ва салоҳиятларини юзага чиқаришларига кўмаклашиш, бандлигини таъминлаш, доимий даромад манбаини шакллантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Бу борада Учқудуқ туманида ҳам кенг имкониятлар яратиб берилмоқда.
Бугунги кунда туманда 8339 нафар 14-30 ёшдаги йигит-қизлар бўлиб, 2025 йил давомида улар билан олиб борилган ишлар самараси ўлароқ, барча йўналишларда, хусусан, уларнинг бандлигини таъминлаш борасида ижобий натижаларга эришилди. Туман ҳокимлиги ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорликка жалб этиш, бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, ижроси таъминланмоқда.

2025 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида ишсиз ёшлар баланси шакллантирилди. Унга кўра, ҳар бир маҳалла ва овул фуқаролар йиғини бўйича “Ёшлар бандлик дастури” ишлаб чиқилиб, ишсиз ёшлар рўйхати шакллантирилди. 121 нафар ишсиз ёш 13 нафар раҳбарга бириктириб, улар билан индивидуал ишлар олиб борилди.

Туман ҳокими Учқун Елмуратов раҳбарлигида йиғилиш ўтказилиб, жараёнда қолаётган 22 нафар ёшнинг бандлигини таъминлаш билан боғлиқ масала кўриб чиқилди. Унда 16 нафар ёш иштирок этиб, 4 нафарининг масаласи ижобий ҳал этилди. Қолган ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг муаммоларини бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди. Тегишли масъулларга топшириқлар берилди.

Жумладан, Дўстлик маҳалласида истиқомат қилувчи Зокиржон Ҳазратқуловга Шимолий кон бошқармасига ишга жойлашиш бўйича йўлланма берилган бўлса, Йўлчилар овулида яшовчи Шалола Рўзиқулова ва Навоий маҳалласида яшовчи Муҳайё Абдуллаева хусусий секторга ишга жойлаштирилди.
Шунингдек, “Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш” жамғармаси “Кўмак” лойиҳаси доирасида Анвар Тўраевга 130 миллион сўм миқдорда ссуда ажратилди. “Келажак” ёшлар марказида “Formula & Fluency” ўқув маркази фаолиятини йўлга қўйган ёш тадбиркор 5 та иш ўрни яратган. Мазкур ўқув марказида 200 нафардан ортиқ ёш чет тилларини ўрганмоқда.

Ифтихор маҳалласида яшовчи Гулчеҳра Баҳромова ҳам ўз тадбиркорлигини йўлга қўйишни мақсад қилган. Комиссия хулосасига кўра, унга ҳам 130 миллион сўм ссуда ажратиш кўзда тутилган бўлиб, ҳужжатлар республика марказий аппаратига тақдим этилган.
Учқудуқ туманида ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган ишлар давом этмоқда. Бу ёшлар даромадини оширишга, уларнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришга, пировардида ҳудуд тараққиётига хизмат қилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири