Самарқандда робот ёрдамида операция ўтказилди
Республика ихтисослашган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд вилояти филиалида илк бор робот технологияси ёрдамида жарроҳлик амалиётлари ўтказишга киришилди.
Хитойдан келтирилган замонавий ускунада маҳаллий ва хитойлик шифокорлар ҳамкорлигида икки нафар беморнинг чаноқ-сон бўғими билан боғлиқ хасталиги операция қилинди.
– Ўтган йили Хитойнинг бир қатор шаҳарларидаги тиббий муассасаларда малака ошириб, замонавий технологиялари ёрдамида жарроҳлик амалиётларини ўтказиш, сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича тажриба ўрганиб келдик, – дейди Республика ихтисослашган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали бош шифокори Ойбек Маматқулов. – Малака ошириш баробарида хитойлик ҳамкасбларимиз билан ҳамкорлик бўйича келишувларга ҳам эришгандик. Жумладан, робот технологияси ёрдамида жарроҳлик амалиётларини бажариш юзасидан ҳамкорлик қилишга келишгандик. Ана шу келишув асосида муассасамизда бугун илк бор робот технология ёрдамида беморнинг чаноқ-сон операциясини муваффақиятли ўтказдик.
Мутахассисларнинг қайд этишича, янги технология ёрдамида ўтказилган жарроҳлик амалиёти юқори аниқликда амалга оширилиши билан ажралиб туради. Ўтган йил филиалда 9,5 минг нафар беморда жарроҳлик амалиёти ўтказилган ва бу операцияларнинг 6,5 таси лапароскопик усулда бажарилган. Бу усул жароҳат ўрнининг тез битиши ва беморнинг қисқа муддатда саломатлигини тиклашига ёрдам бериши билан самарали ҳисобланади. Эндиликда робот ёрдамида ўтказиладиган операцияларда даволаниш муддати яна ҳам қисқаради ва самарадорлик ошади.
[gallery-29078]
– Хитойда ва бошқа кўплаб хорижий давлатларда бир неча йилдан буён робот технологиялари ёрдамида операциялар амалга оширилади, – дейди Пекин университети профессори Циан Ҳуа. – Ушбу технологиянинг қулайлиги аввало асоратлар кам бўлади, шунингдек, ҳар бир операция беморнинг индивидуал кўрсаткичлари ҳисобга олинган ҳолда, аниқ режа асосида ўтказилади. Жарроҳлик амалиётидан сўнг беморнинг реабилитация даври ҳам анъанавий усулдаги операциядагидан кўра анча қисқаради ва у бир неча кун эрта оёққа туради.
Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва тиббиёт соҳаси масъуллари янги усулни қўллаш жараёнлари билан танишди ҳамда хитойлик шифокорлар билан мулоқот қилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари