“Ёш кутубхоначилар” Республика илмий-амалий форуми ва “Инновацион лойиҳалар” танлови бошланди
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан “Ёш кутубхоначилар” Республика илмий-амалий форуми ҳамда унинг доирасида “Инновацион лойиҳалар” танлови ўтказилмоқда.
Мазкур кутубхона директори Умида Тешабоева бугунги кунда юртимизда маънавий-маърифий жабҳаларда кечаётган ўзгаришлар жараёнида зиё масканлари фаолиятини жаҳон андозалари талаблари даражасида йўлга қўйиш масаласига устувор эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Форумда эътироф этилганидек, кутубхоналарда анъанавий китоблар билан бирга рақамли ресурслар ва электрон маълумотлар базаларини тизимлаштиришга катта аҳамият берилмоқда. Ахборот технологияларининг ривожланиши кутубхона мутахассисларидан медиа-саводхонлик ва замонавий дастурий таъминотлар билан ишлаш кўникмаларини мунтазам ошириб боришни талаб қилмоқда. Рақамли муҳитда муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва фойдаланувчиларга очиқ маълумотлардан қонуний фойдаланиш имкониятини яратиш ўртасидаги мувозанатни сақлаш долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда.
Замонавий кутубхоналар фақат китоб бериш маскани эмас, балки аҳоли учун ижтимоийлашув, маданий тадбирлар ва коворкинг хизматларини таклиф этувчи кўп тармоқли марказларга айланмоқда. Нодир қўлёзмалар ва тарихий адабиётларни рақамлаштириш ҳамда уларни келажак авлод учун хавфсиз сақлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
[gallery-30613]
Жисмоний имконияти чекланган фойдаланувчилар учун кутубхона бинолари ва электрон ресурсларининг инклюзив ҳамда қулай бўлишини таъминлаш соҳанинг муҳим вазифаларидан ҳисобланади. Интернет тармоғида маълумотлар ҳажми ортиб бориши фойдаланувчиларга керакли ва ишончли ахборотни саралаб беришда кутубхоналарнинг фильтрлик функциясини янада кучайтирмоқда. Кутубхона фондларини замонавий адабиётлар билан даврий янгилаб бориш ва аҳолининг мутолаага бўлган қизиқишини масофавий хизматлар орқали қўллаб-қувватлаш тизимли ёндашувга муҳтож.
Мазкур форум ёш кутубхоначи мутахассисларнинг касбий салоҳиятини ошириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, ўзаро тажриба алмашиш, лидерлик кўникмаларини ривожлантириш ҳамда ахборот-кутубхона соҳасида ишлаётган ва ушбу йўналишга қизиқиш билдираётган ёшларни қўллаб-қувватлашни кўзлаши билан аҳамиятли бўлди.
Форум дастуридан илмий маърузалар, семинар-тренинглар, тажриба алмашиш, амалий учрашувлар ва малака ошириш тадбирлари ўрин олган. Мазкур тадбирлар орқали иштирокчилар замонавий кутубхоначиликнинг илғор тажрибалари билан танишиш, ўз касбий билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаш ҳамда соҳа мутахассислари билан фикр алмашиш имкониятига эга бўлади.
Жорий йилги форум республика миқёсида катта қизиқиш уйғотди. Унда иштирок этиш учун 329 нафар ёш мутахассис рўйхатдан ўтди. Форум иштирокчилари Ўзбекистон Миллий кутубхонаси тизимидаги ахборот-кутубхона марказлари, олий таълим муассасалари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тизимидаги илмий кутубхоналар ҳамда нодавлат олий таълим муассасаларида фаолият юритаётган ёш мутахассислардан иборат.
Форум доирасида ташкил этилган “Инновацион лойиҳалар” танлови ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантиришга қаратилган замонавий ва инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш, истиқболли лойиҳаларни амалиётга татбиқ этишни рағбатлантириш ҳамда ёш истеъдодларни кашф этишга хизмат қилади.
Танловга республиканинг турли ҳудудларидан жами 76 та лойиҳа келиб тушди. Лойиҳа тезислари илмий даражага эга экспертлардан иборат экспертлар гуруҳи томонидан белгиланган мезонлар асосида батафсил кўриб чиқилди. Ҳар бир лойиҳа долзарблиги, инновационлиги, амалий аҳамияти, амалга ошириш механизми ва кутилаётган натижалари бўйича чуқур таҳлил қилинди.
Экспертлар хулосаларига кўра, энг юқори баҳоланган 12 та лойиҳа танловнинг иккинчи босқичига йўлланма олди. Ушбу босқичда лойиҳа муаллифлари ўз ишланмаларини экспертлар ва Танлов ҳайъати олдида тақдим этади.
Иккинчи босқичга тавсия этилмаган лойиҳа муаллифлари ҳам форум иштирокчилари сифатида фаолиятини давом эттиради. Уларнинг лойиҳаларида аниқланган айрим камчиликлар ҳамда такомиллаштириш зарур бўлган жиҳатлар юзасидан экспертлар томонидан тегишли тавсиялар берилди. Бу эса келгусида янада мукаммал ва амалий аҳамиятга эга инновацион лойиҳалар яратилишига хизмат қилади.
Танлов якунларига кўра энг юқори натижани қайд этган тўртта лойиҳа муаллифи Гран-при, биринчи, иккинчи ва учинчи ўринлар билан тақдирланади. Шунингдек, Танлов ҳайъати қарорига асосан махсус номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланади. Ғолибларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилади.
Н.Усмонова,
А.Алижонов (сурат), ЎзА