Ёш атлетлар Ўзбекистон чемпионатида баҳслашмоқда
Пойтахтимизда енгил атлетика бўйича U18 ёш тоифасидаги Ўзбекистон чемпионатининг иккинчи кунги баҳслари ўтказилмоқда. Айни вақтга келиб эрталабки дастурда бир қатор йўналишларда ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлди.
Хусусан, ўсмирлар ўртасида 5000 метр масофага спортча юриш баҳсларида Аброрхон Саидов 24:14.66 натижа билан чемпионга айланган бўлса, Дилнура Алиева 27:09.34 натижа билан қизлар орасида олтин медалга сазовор бўлди.
400 метрга тўсиқлар оша югуриш бўйича қизлар ўртасида Азиза Абдуллаева (1:06.16) маррага биринчи бўлиб етиб келди. Ўсмирлар орасида ушбу масофада ўтган беллашувларда Умиджон Зиёдуллоев мамлакат чемпионига айланди.

Кўпкураш дастурида ҳам қизиқарли баҳслар ташкил этилди. Ўнкурашнинг 110 метрга тўсиқлар оша югуриш беллашувида Оғабек Нормўминов энг яхши натижани қайд этди. Диск улоқтириш баҳсида Иброҳим Исроилов пешқадам бўлган бўлса, лангарчўп билан сакраш йўналишида яна Оғабек Нормўминов биринчи ўринни эгаллади.
Еттикураш баҳсларида қизлар ўртасида узунликка сакрашда Сафина Абдувалиева, найза улоқтиришда эса Ангелина Ишмуратова энг яхши натижани қайд этди.
Шунингдек, қизлар ва ўсмирлар ўртасида 200 метрга югуриш баҳсларининг саралаш босқичи якунланиб, финал иштирокчилари номи аниқланди. Финалларда мамлакатнинг энг кучли ёш спринтерлари чемпионлик учун кураш олиб боради.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА