FIFA 2026 — мақолалар танлови!
Ўзбекча Википедияда FIFA 2026 Жаҳон чемпионатига бағишланган мақолалар танлови бошланди.
Ўзбекча Википедияда «Вики Жаҳон чемпионатини севади» номли мақолалар яратиш ва такомиллаштириш танлови бошланди. Танлов FIFA 2026 Жаҳон чемпионати ва Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ундаги иштирокига бағишланган.
Танлов ўзбек футболи тарихидаги муҳим воқеага бағишланади — Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихида илк бор футбол бўйича Жаҳон чемпионатининг финал босқичига йўлланма олди. Ушбу ютуқ туфайли Ўзбекистон Марказий Осиёда Жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган биринчи давлатга айланди.
Танловнинг мақсади — ўзбекча Википедиядаги FIFA 2026 Жаҳон чемпионати, Ўзбекистон терма жамоаси ва бошқа миллий терма жамоалар, футболчилар, мураббийлар, стадионлар, мусобақа мезбон шаҳарлари, саралаш ўйинлари ҳамда жаҳон футболига оид бошқа мавзулардаги мақолаларни кенгайтириш ва сифатини яхшилашдир.
FIFA 2026 Жаҳон чемпионати жаҳон футболи тарихидаги энг йирик турнир бўлади. Мусобақа илк бор бир вақтнинг ўзида уч мамлакат — Канада, Мексика ва АҚШда ўтказилади. Шунингдек, иштирокчи миллий терма жамоалар сони 48 тага етказилади. Турнир 2026 йил 11 июндан 19 июлгача бўлиб ўтади.
Танловда марафонда рўйхатдан ўтган барча иштирокчилар қатнашишлари мумкин. Иштирокчилар янги мақолалар яратишлари, бошқа тиллардаги материалларни таржима қилишлари, мавжуд мақолаларни тўлдиришлари ва ишончли манбалар асосида уларнинг сифатини яхшилашлари мумкин.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, танлов нафақат ўзбекча Википедияни ривожлантиришга, балки футболни оммалаштириш, рақамли саводхонлик ва эркин билимлар маданиятини ривожлантиришга ҳам хизмат қилади. Лойиҳа Ўзбекистоннинг Жаҳон чемпионатидаги илк иштироки ҳақида сифатли билимлар базасини яратишга ёрдам беради.
Танлов якунларига кўра, дастлабки уч ўрин соҳиблари махсус эсдалик нишонлари билан тақдирланади. Энг фаол иштирокчилар эса Википедиянинг виртуал мукофоти — «Футбол» ордени билан тақдирланадилар.
Бундан ташқари, «Ўзбек футболи» махсус номинацияси бўйича уч нафар энг яхши иштирокчи интернет-дўкон сертификатлари билан мукофотланади. Мазкур номинация Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги иштирокига оид контентни ривожлантиришга қаратилган.
Танлов шартлари, муддатлари ва қоидалари билан лойиҳа саҳифасида танишиш мумкин:
https://uz.wikipedia.org/wiki/Vikipediya:Viki_Jahon_chempionatini_sevadi
Ахборот ҳамкори — Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА)
ОАВ учун алоқа:
Танлов Википедия волонтёрлари томонидан Николай Артемев раҳбарлигида ташкил этилган.
E-mail: wikimedia.uz@gmail.com
Telegram: @wikimediauz
Ўзбекистоннинг Жаҳон чемпионатидаги илк иштироки тарихини Википедия саҳифаларида акс эттиришга ўз ҳиссангизни қўшинг ва уни бутун дунёдаги миллионлаб ўқувчилар учун сақлаб қолишга ёрдам беринг!