"Ёнғиндан қутқарувчилар" жамоаси 1-ўринни қўлга киритди
Сирдарё вилоятида фавқулодда вазиятлар тизими ходимларининг касбий салоҳиятини янада юксалтириш, уларнинг жисмоний тайёргарлигини мустаҳкамлаш ҳамда хизмат фаолиятида тезкорлик, чаққонлик ва чидамлилик сифатларини ривожлантириш мақсадида “Ёнғин-қутқарув спорти” бўйича вилоят биринчилиги юқори савияда ташкил этилди.
Мазкур мусобақа нафақат спорт беллашуви, балки қутқарувчиларнинг реал хизмат шароитига яқин вазиятларда ўзини қандай тута олишини синовдан ўтказувчи муҳим майдон бўлиб хизмат қилди. Унда иштирокчилар махсус тўсиқлардан ўтиш, баландликка тезкор чиқиш, ёнғинни бартараф этишга оид амалий машқлар каби шартлар асосида баҳоландилар. Бу эса уларнинг жисмоний тайёргарлиги билан бир қаторда касбий кўникмалари, қарор қабул қилиш тезлиги ва жамоада ишлаш маҳоратини ҳам намоён этиш имконини берди.


Таъкидлаш жоизки, бундай мусобақалар фавқулодда вазиятларда инсон ҳаётини сақлаб қолишдек масъулиятли вазифани бажараётган қутқарувчиларнинг малакасини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Зеро, ҳар бир машқ ва беллашув ортида ҳақиқий ҳаётда юз бериши мумкин бўлган хавфли ҳолатларга тайёргарлик ётади. Бу эса ходимларнинг нафақат жисмонан, балки руҳан ҳам баркамол бўлиб шаклланишига хизмат қилади.
Мусобақа қизғин ва муросасиз баҳслар остида кечди. Вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан ташриф буюрган жамоалар юқори тайёргарлик билан қатнашиб, ҳар бир шартда ғалаба учун сўнгги имкониятгача курашдилар. Айниқса, айрим босқичларда сониялар ҳисоби ҳал қилувчи аҳамият касб этгани беллашувларга янада кескинлик бағишлади.


Якуний натижаларга кўра, юқори натижа ва барқарор чиқишлари билан ажралиб турган Гулистон шаҳрининг "Ёнғиндан қутқарувчилар" жамоаси 1-ўринни қўлга киритди. 2-ўринни “Сирдарё ИЭС” акциядорлик жамияти объектлар ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси қутқарувчилари, 3-ўринни эса Боёвут тумани жамоаси эгаллади.
Мусобақа сўнгида совриндорлар ва фаол иштирокчиларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.


Ғулом Примов, ЎзА мухбири