Аудиовизуал журналистикани ривожлантиришда инновацион ёндашувлар
Мамлакатимизда журналистика соҳасини янада ривожлантириш ва кадрлар маҳоратини оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Шу жумладан, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида ўтказилган “Аудиовизуал журналистика муаммолари, ривожланиш стратегиялари ва стандартларини мослаштириш масалалари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман бугунги медиа маконида юз бераётган туб ўзгаришларни чуқур ўрганиш ва уларни таҳлил қилишга қаратилган.
Рақамли технологиялар жадал ривожланиб бораётган вақтда журналистика соҳаси, айниқса аудиовизуал журналистика ўзига хос янгича ёндашув талаб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, бугунги анжуман нафақат кенг илмий майдон, балки таклиф ва ечимлар берилувчи муҳим интеллектуал давра вазифасини ўтади.
Конференцияда муҳокама қилинган масалалар замонавий медиа тизимидаги энг долзарб йўналишларни қамраб олди. Хусусан, аудиовизуал журналистикада рақамли трансформация жараёнлари, контент яратишда инновацион ёндашувлар, мультимедиа платформалар билан ишлаш кўникмалари ҳамда журналистларнинг касбий салоҳияни ривожлантириш масалалари атрофлича таҳлил қилинди.
[gallery-28480]
Бу жараёнларда сунъий интеллект, мобиль журналистика ва ижтимоий тармоқлар орқали ахборот тарқатишнинг ўрни алоҳида таъкидланди.
Анжуманда Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Покистон каби давлатлардан таклиф этилган мутахассислар ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, турли мамлакатларда аудиовизуал журналистика қандай ривожланаётгани, қандай муаммолар мавжудлиги ва уларни бартараф этиш йўллари ҳақида фикр билдирди. Бу эса ўзбек журналистика мактабининг халқаро тажриба билан бойишига хизмат қилади.
Мазкур халқаро илмий-амалий анжуман аудиовизуал журналистика соҳасининг бугунги ҳолати ва истиқболдаги ривожланиш йўналишларини аниқлаб беришда муҳим аҳамият касб этди.
Унда илгари сурилган ғоя ва таклифлар илмий муҳокама даражасида қолиб кетмасдан, амалиётга жорий этилиши орқали миллий медиа тизимининг сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилишига замин яратади.
Энг муҳим жиҳат, бу каби анжуманлар журналистикада миллий стандартларни халқаро мезонларга мослаштириш ҳамда ёш кадрларга замонавий билим ва кўникмалар улашишда муҳим ўрин тутади.
Дилдора ДЎСМАТОВА, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА