Яширин ишлаб чиқариш ва контрафакт маҳсулотлар муомаласига чек қўйиш тизими йўлга қўйилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Мажбурий рақамли маркировкалаш тизими самарадорлигини оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, рақамли маркировкаланган маҳсулотларнинг ҳаракат занжирини тўлиқ кузатиб бориш орқали яширин ишлаб чиқариш ва контрафакт маҳсулотлар муомаласига чек қўйиш тизими йўлга қўйилади.
Қарорга кўра, тадбиркорлик субъектлари томонидан олинган маркировка кодларини маҳсулотларга қўллаш учун белгиланган 90 календарь кунлик муддат бекор қилинади.
2025 йил 1 июлдан бошлаб:
а) импорт қилувчи ташкилот томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилган дори воситаларини уларнинг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига тўғридан-тўғри ёки унинг расмий дилерлари орқали реализация қилиш электрон ҳисобварақ-фактура асосида амалга оширилади;
б) рақамли маркировкаланган маҳсулотларни улгуржи сотиш фақат нақд пулсиз шаклда банк ҳисобварақлари орқали амалга оширилади.
Рақамли маркировкалаш ва кузатиш миллий ахборот тизими узлуксиз ишлаши, импорт қилиш, ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш, улгуржи ва чакана савдо жараёнларида маҳсулотларга маркировка кодлари тўғри қўллангани ва ҳақиқийлиги тизимли назорат қилиб борилади.
2025 йил 1 сентябрдан бошлаб:
а) хавфни таҳлил қилиш тизимида мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш ҳолатлари солиқ хавфи даражасини юқори деб баҳолаш учун асос бўлади;
б) мажбурий рақамли маркировкаланадиган маҳсулотларни реализация қилишда маркировка коди бириктирилмаган электрон ҳисобварақ - фактурани расмийлаштиришга йўл қўйилмайди;
в) мажбурий рақамли маркировкаланадиган маҳсулотларни чакана реализация қилишда:
маркировка коди киритилгандан сўнг онлайн назорат-касса техникасининг касса чеки шакллантирилади;
аввал фойдаланилган маркировка кодлари киритилганда онлайн назорат-касса техникасининг касса чекини шакллантиришга йўл қўйилмайди.
2026 йил 1 январдан бошлаб мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш ҳолатларини солиқ органларининг ахборот тизими орқали аниқлаш бўйича масофавий солиқ текширувини ўтказиш тартиби жорий этилади. Бунда:
а) текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳнома олиш талаб этилмайди;
б) мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш ҳолатлари аниқланганда қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида огоҳлантириш берилади;
в) иккинчи марта огоҳлантириш берилгандан сўнг қоидабузарлик ҳолатлари аниқланганда тегишли миқдорларда жарима қўлланади.
2025 йил 1 сентябрдан бошлаб фармацевтика фаолиятини ҳамда дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш фаолиятини лицензиялаш талабларига қуйидагиларни назарда тутувчи қўшимча шартлар киритилади:
а) янгидан ташкил этилган субъектларга лицензия беришда:
фаолиятини амалга ошириш учун кўчмас мулк бўйича ижара ёки текин фойдаланиш шартномаси солиқ органларида ҳисобга қўйилганлиги;
дори воситаларини реализация қилишда харидорлардан тўловларни қабул қилиш бўйича электрон тўлов воситаларидан фойдаланиш имконияти яратилганлиги;
б) солиқ текширувларида кирим ҳужжатларисиз (контрафакт) ва (ёки) маркировкаланмаган дори воситаларини сотиб олиш, ташиш, сақлаш ёки реализация қилиш ҳолатлари аниқланганда солиқ органлари ташаббусига кўра ваколатли орган томонидан тегишли субъект лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб туриш.
ЎзА