ЕХҲТ платформасида ҳуқуқий кадрлар тайёрлашнинг замонавий ёндашувлари тақдим этилди
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси бошлиғининг биринчи ўринбосари Евгений Коленко ЕХҲТ Хавфсизлик қўмитасининг «Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашишда технологиялардан фойдаланиш: келажакда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари салоҳиятини ривожлантириш» мавзусидаги йиғилишида иштирок этди.
Тадбирда Академиянинг мазкур йўналишдаги илғор тажрибаси тақдим этилди.
Буюк Британия раислигида аралаш форматда ўтказилган тадбирда ЕХҲТга аъзо давлатлар, халқаро ташкилотлар ва экспертлар ҳамжамияти вакиллари иштирок этди.
Йиғилиш доирасида кибержиноятчилик, контрабанда, гиёҳвандлик воситалари ва қуролларнинг ноқонуний муомаласи каби трансмиллий уюшган жиноятчиликнинг долзарб таҳдидлари муҳокама қилинди. Шунингдек, онлайн платформалар, шифрлаш технологиялари ва сунъий интеллект каби замонавий технологияларнинг жиноий фаолият шакллари ва кўламига таъсири ҳамда бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари олдида турган янги вазифалар кўриб чиқилди.
Тадбир иштирокчилари жиноятчиликка қарши курашишда маълумотлар таҳлили, илғор аналитик воситалар ва инновацион технологиялардан самарали фойдаланиш, шунингдек, давлат органлари, халқаро тузилмалар ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Е.Коленко ўз маърузасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизими, таълим жараёнига рақамли технологияларни кенг жорий этиш, масофавий таълим платформалари, электрон таълим ресурслари ҳамда таълим траекторияларини рақамли кузатиш механизмларининг амалиётдаги натижалари ҳақида маълумот берди.
Кибержиноятларга қарши самарали курашиш учун кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, таълим дастурларига инновацион технологияларни интеграция қилиш ва ўқув жараёнининг амалий самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА