Президент ташрифидан сўнг...
Йигирма икки минг нафарга яқин ёшларни жамлаган даргоҳ. Ўн тўртта факультети бор, етти юз нафардан ортиқ профессор-ўқитувчи меҳнат қилаётган муассаса. Бу катта рақамлар Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетига тегишли.
Ўқув бинолари, лабораториялар, кутубхоналар, спорт комплекси, музей, малака ошириш ва қайта тайёрлаш марказлари, талабалар турар жойлари мана шу аҳил жамоа ихтиёрида.
Университет педагоглар тайёрлаш бўйича катта тажриба ва тарихга эга. Давлатимиз раҳбари ўқитувчиси қадр-қиммати баланд бўлган халқнинг обрў-эътибори юксак бўлишини кўп такрорлайди. Мамлакатимизда бу бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ушбу таълим даргоҳи учун Янги Тошкент шаҳрида қурилаётган йирик мажмуа соҳага эътиборнинг яна бир намунаси бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбари 2024 йилнинг 28 декабрида шаҳардаги илм-фан ва таълим масканларида олиб борилаётган бунёдкорлик ишларининг бориши билан танишган эди.
Ушбу ташриф доирасида университет ректори Абдуғаффор Қирғизбоев билан суҳбатлашдик.
– Педагогика барча мутахассисликлар орасида энг шарафлиси ҳисобланади. Инсон қандай касб эгаси бўлмасин, илк сабоқни ўқитувчидан олади. Баркамол авлодни тарбиялаш ана шу касб эгалари зиммасига юкланади. Шу жиҳатдан ҳам давлатимиз раҳбарининг университетимиз келажагига ғамхўрлиги ёшлар камолотига дахлдорлиги билан жуда аҳамиятли, – дейди А. Қирғизбоев. – Президент университетимизнинг ўқув комплекси лойиҳаси доирасидаги бунёдкорлик ишларининг бориши билан танишди. Давлатимиз раҳбари бундай маърифат масканлари бунёд этилиши ёшларимиз келажагига инвестиция киритишдир дедилар. Бугун билим олаётган ёшлар келажакда мамлакатимизни олдинга бошлайдиган, муаммоларни ҳал этадиган “калит” бўлишини алоҳида таъкидладилар.
Янги кампусимиз барпо этилишига 2023 йилнинг 3 апрелида старт берилган эди. Бугун бу ерда иш жараёни қизғин.
Қирқ гектарлик майдонда ўқув бинолари қурилади. Эътиборлиси, 5 минг ўринли ётоқхона, 300 ўринли боғча, 616 ўринли мактаб, 588 ўринли академик лицей, замонавий спорт комплекси, маданият саройи, амфитеатр ва бошқа объектларни ўз ичига олган мажмуа бунёд бўлмоқда.
Ҳозирги кунда еттита факультетимиз пойтахтнинг турли ҳудудларида жойлашган. Уларнинг аксарияти эски биноларда фаолият олиб бормоқда. Дарсларнинг уч сменада ташкил этилаётгани эса масаланинг яна бир ҳал этилиши лозим бўлган томони.
Объектлар фойдаланишга топширилса, юқорида келтирилган ноқулайликлар бартараф этилади. Дарслар бир сменага ўтказилади, замонавий шароитлар яратиши эвазига таълим сифатида ўсиш бўлади. Бир сўз билан айтганда юқори рейтингли хорижий олийгоҳлар тажрибаси асосида инновацион педагогик кластер ташкил этилади.
Президент янги биноларимиз фақат маҳобати билан ажралиб туриши керак эмас, балки илм ва маънавият улашишда пешқадам бўлиши лозимлигини алоҳида таъкидлади. Янги имкониятларга эга иншоотни бошқаришда илмий-инновацион асосларга таянилган ёндашув кераклиги бўйича топшириқлар олдик. Шундан келиб чиқиб, ўқув услублари, аудитория фондини юритиш мукаммал бўлади.
ЎзА мухбири Икром АВВАЛБОЕВ ёзиб олди.
Рустам НАЗАРМАТОВ олган суратлар.