Янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари жадал давом этмоқда
Мамлакатимизда ҳар йили янги ўқув йилига пухта тайёргарлик кўрилади. Бу жараёнлар ёш авлоднинг билим олишга бўлган интилиши ва қизиқишини янада оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган пресс-тур янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари ҳамда 1-синф ўқувчиларига топшириладиган «Президент совғаси»ни ҳудудларга етказиш жараёнларини оммавий ахборот воситалари вакилларига таништиришга бағишланди.
Тадбир аввалида ОАВ вакиллари иштирокида вазирлик ҳузуридаги «Таъминот ва логистика хизмати» корхонаси томонидан 1-синф ўқувчилари учун мўлжалланган 12 турдаги ўқув қуролларидан иборат «Президент совғаси» карвонини ҳудудларга жўнатиш маросими бўлиб ўтди.

Шундан сўнг Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида жойлашган 202-сонли умумтаълим мактаби мисолида янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари ҳамда 1-синфга ўқувчиларни қабул қилиш жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Таъкидланганидек, 2026–2027-ўқув йилида мамлакатимиздаги 10 минг 225 та умумтаълим мактабида 550 мингдан ортиқ ўқитувчи 6,7 миллиондан зиёд ўқувчига таълим-тарбия бериши кутилмоқда.

Янги ўқув йилида 795 мингдан ортиқ болани 1-синфга қабул қилиш режалаштирилган. Жорий йилнинг 5 август ҳолатига кўра, 680 минг нафар бола (режанинг 85 фоизи) 1-синфга қабул қилинган. 1-синфга қабул қилинаётган болалар учун 12 турдаги ўқув қуролларидан иборат «Президент совғаси» тайёрланди.
Айни пайтда ушбу ўқув қуролларини вазирлик томонидан ҳудудлардаги мактабларга етказиш ишлари бошланган. Мазкур ўқув қуроллари жорий йилнинг 15 августига қадар мамлакатимизнинг барча ҳудудларига, 25 августига қадар эса қабул қилинган ўқувчилар сонига мос равишда барча мактабларга тўлиқ етказиб берилади.
«Президент совғаси» сифатида тайёрланган мазкур ўқув қуроллари «Биринчи қўнғироқ» тадбирларидан сўнг 1-синф ўқувчиларига тантанали равишда топширилади. Шунингдек, совғалар нодавлат мактаблар ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар тасарруфидаги таълим ташкилотларида таҳсил олаётган 1-синф ўқувчиларига ҳам берилади.
Ҳар бир биринчи синф ўқувчисини «Президент совғаси» билан ўз вақтида таъминлаш мақсадида вазирликнинг adm.maktab.uz электрон платформаси орқали мактаблар кесимида болаларнинг номма-ном рўйхати шакллантирилди. Бунда нодавлат мактаблар ва бошқа вазирликлар тасарруфидаги таълим муассасалари ўқувчилари ҳам инобатга олинган.
Пресс-тур давомида 1-синф ўқувчилари учун тайёрланган дарсликлар мажмуаси ҳам тақдим этилди. Мутахассислар янги дарсликларнинг ўзига хос жиҳатлари, мазмун-моҳияти ҳамда таълим жараёнидаги аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот берди.
Медиа-тур ўтказилган Чилонзор туманидаги 202-сонли умумтаълим мактабида янги ўқув йилида 1260 нафардан ортиқ ўқувчи таълим олиши, шундан 175 нафар бола 1-синфга қабул қилиниши режалаштирилган.
Мактабда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни таълим жараёнига жалб этиш мақсадида инклюзив синфлар ташкил этилган. Улар учун барча зарур шароитларга эга «тўсиқсиз муҳит» яратилган.
Ҳозирги кунда мактабда 13 нафар бола инклюзив синфларда таҳсил олмоқда. Улардан икки нафари жорий ўқув йилида 1-синфга қабул қилинган.
Н.Усмонова, Ў.Ҳайитов (сурат), ЎзА мухбирлари