Шахснинг яшаш жойи ёки турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан яшаши қандай жавобгарликка сабаб бўлади?
Маълумки, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва жамиятда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ҳар қандай демократик давлатнинг бош мақсади. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда истиқомат қилаётган фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг (ФБШ) ҳуқуқий мақомини тартибга солиш ва уларнинг яшаш жойи бўйича ҳисобда туришларини таъминлаш ички хавфсизлик ҳамда ижтимоий назоратнинг муҳим бўғини ҳисобланади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасида миграция қонунчилигини либераллаштириш борасида улкан ислоҳотлар амалга оширилган бўлса-да, яшаш ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиш мажбурияти қатъий белгиланган ҳуқуқий норма бўлиб қолмоқда.
Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев бу борада қуйидагиларни маълум қилди:
–Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаросининг ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг яшаш жойи ёки турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан яшаши, базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин 1 йил давомида такрор содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир инсон — у фуқаро бўладими, хорижликми ёки фуқаролиги бўлмаган шахсми мамлакат қонунларига риоя этиши шарт. Айниқса, яшаш ёки турган жойи бўйича доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтиш масаласи кундалик ҳаётда энг кўп дуч келинадиган, аммо кўпинча эътибордан четда қоладиган ҳуқуқий мажбуриятлардан биридир.
Гулноза Бобоева, ЎзА