Янги ўқув йили янги мактабда бошланди
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманидаги Обод маҳалласида яна бир муҳим ижтимоий объект фойдаланишга топширилди. Тумандаги 15-сонли умумий ўрта таълим мактаби учун 480 ўринли янги қўшимча ўқув биноси барпо этилди.
Қурилиш ишларига 7 миллиард 239 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Замонавий талаблар асосида барпо этилган янги бинонинг фойдаланишга топширилиши мактаб жамоаси, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари учун қувончли воқеага айланди.

Бунга қадар мактабнинг 360 ўринли мавжуд биносида ўқувчилар икки сменада таълим олар эди. Янги қўшимча ўқув биносининг ишга туширилиши билан бу муаммо бартараф этилиб, ўқувчилар учун таълим-тарбия жараёнини бир сменада, кенг ва замонавий шароитларда ташкил этиш имконияти яратилди.

Янги ўқув биносининг очилиш маросимида Оқолтин тумани ҳокими Ҳусниддин Сувонов, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими масъуллари, ўқитувчилар, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари, маҳалла фаоллари ҳамда нуронийлар иштирок этишди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Билимлар куни арафасида замонавий мактаб биносининг фойдаланишга топширилиши ёш авлод учун муносиб шароитлар яратиш, уларнинг сифатли таълим олиши ва келажакда билимли, ватанпарвар ҳамда рақобатбардош кадрлар бўлиб етишишига хизмат қилишини таъкидлашди.

Шундан сўнг рамзий лента қирқилиб, янги ўқув биноси расман фойдаланишга топширилди. Тадбир иштирокчилари замонавий талаблар асосида жиҳозланган ўқув хоналарида яратилган шарт-шароитлар билан танишишди.

Жорий ўқув йилида тумандаги умумтаълим мактабларида 8 минг 868 нафар ўқувчи таҳсил олишни бошлади. Улар орасида илк бор мактаб остонасига қадам қўйган 1 минг 184 нафар биринчи синф ўқувчиси ҳам бор.

Билимлар куни муносабати билан биринчи синфга қабул қилинган барча ўқувчиларга давлатимиз раҳбарининг анъанавий Президент совғаси — 12 турдаги ўқув қуроллари жамланмаси тантанали равишда топширилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири