Касаба уюшмалари куни нишонланди
«Инсон қадри учун» тамойили амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосидир Бугунги кунда Фарғона вилоятидаги 4 мингдан ортиқ бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти қарийб 700 минг нафар аъзони бирлаштирган. Уюшма аъзолари ислоҳотларда фаол иштирок этиб, уларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш ва меҳнаткашларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга ҳисса қўшмоқда. У меҳнаткашлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратишда фаоллик кўрсатмоқда.
Маълумки, мамлакатимизда 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни деб эълон қилинган. Шу муносабат билан Фарғонада байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг масъул вакиллари, ҳамда соҳа фидойилари иштирок этди.
– Бу жамоатчилик институти «Аёллар дафтари» орқали 562 минг нафардан зиёд эҳтиёжманд хотин-қизга амалий ёрдам кўрсатди, болалар оромгоҳларида эса ўғил-қизларнинг мазмунли дам олиши ва саломатлигини мустаҳкамлаши учун шароитлар яратди, – деди Фарғона вилоят касаба уюшмалари раиси Эркин Нуралиев.– Шунингдек, «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида Федерация кўмаги билан вилоятнинг 2 минг нафарга яқин аҳолиси тарихий шаҳарлар, зиёратгоҳлар ва диққатга сазовор масканларга саёҳат қилиш имкониятига эга бўлди.
Тадбирда сўз олганлар ушбу сана нафақат касаба уюшмалари ходимлари, балки меҳнати билан оиласи ва жамият фаровонлигига ҳисса қўшаётган барча юртдошларимизнинг, халқимизнинг байрами эканини таъкидладилар.
Республика ва вилоят миқёсидаги танловлар ғолиблари ҳамда бир гуруҳ фаолларга “Фахрий ёрлиқ”, “Ташаккурнома” ва эсдалик совғалари топширилди.
Муҳаммаджон Обидов,
ЎзА