XXI аср тиббиёти: сифат, стандарт ва бошқарув масалалари муҳокамада
Гулистон шаҳри яна бир бор соғлиқни сақлаш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик ва тажриба алмашинув марказига айланди. 2026 йил 20-21 апрель кунлари Республика ихтисослаштирилган Она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё филиалида “XXI аср тиббиёт ташкилотини бошқариш: сифат, стандартлар, пациент” мавзусида халқаро семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Тадбир "ICI International Quality Certificates Issuing Services LLC (БАА, Дубай)" ҳамда "ICI Group" халқаро ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда вилоят соғлиқни сақлаш тизими раҳбарлари, оналик ва болалик йўналишида фаолият юритаётган тиббиёт муассасалари бош шифокорлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда захира кадрлар иштирок этди. Ушбу тадбир замонавий тиббиёт бошқаруви, халқаро стандартлар ва пациентга йўналтирилган хизмат тизимини амалиётга жорий этиш масалаларида муҳим мулоқот майдони бўлди.
Очилиш қисмида халқаро эксперт Евгений Князев, Республика ихтисослаштирилган Она ва бола саломатлиги маркази филиаллари директори ўринбосари Баҳодир Аллаяров ҳамда марказнинг сифат ва менежмент бўйича директори ўринбосари Аюбхон Қаюмов иштирок этиб, соҳа олдида турган стратегик вазифалар юзасидан фикр алмашдилар. Улар тиббиёт тизимида сифат, шаффофлик ва самарадорликни таъминлаш учун бошқарув ёндашувларини тубдан янгилаш зарурлигини таъкидладилар.
Амалий ва назарий машғулотларда тиббиёт муассасаларини бошқаришнинг стратегик ва оператив жиҳатлари, жараёнли ёндашув, таваккалчиликларни бошқариш, сифат назорати ҳамда ички коммуникацияларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Экспертлар фикрича, замонавий раҳбар фақат бошқарувчи эмас, балки тизимни барқарор ривожлантирувчи етакчи бўлиши лозим.
Семинар иштирокчилари томонидан билдирилган фикрлар ҳам тадбирнинг амалий аҳамиятини янада яққол кўрсатди.
– Ушбу семинар замонавий тиббиёт бошқарувига оид энг муҳим ва долзарб масалаларни қамраб олгани билан аҳамиятли бўлди, – дейди семинарда иштирок этган Мирзаобод туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Анвар Ўролов. – Айниқса, пациентга йўналтирилган ёндашув, сифатни бошқариш ва жараёнларни тизимли ташкил этиш бўйича берилган амалий тавсиялар биз учун катта тажриба мактаби бўлди. Энг муҳими, бу билимларни амалиётга жорий этиш орқали аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада ошириш имкониятига эга бўляпмиз.
Семинарда, шунингдек, тиббиёт ташкилотларини стратегик ва оператив бошқариш, жараёнли ёндашувни жорий этиш, риск-менежмент ва сифат назорати каби йўналишлар ҳам муҳокама қилинди. Мутахассислар фикрича, замонавий тиббиёт муассасаси фақат хизмат кўрсатувчи эмас, балки доимий такомиллашув асосида ишлайдиган тизим бўлиши керак.
Иккинчи кун амалиётга йўналтирилган тренинглар билан давом этди. Иштирокчилар тиббий жараёнларни хариталаш, бемор оқимини таҳлил қилиш, ички маданиятни баҳолаш ва шикоятлар билан ишлаш механизмларини такомиллаштириш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлдилар. Экспертлар таъкидлашича, ҳар бир бемор мурожаати сифатни яхшилаш учун муҳим имкониятдир. Шу билан бирга, бемор шикоятлари тизим учун муаммо эмас, балки сифатни ошириш учун муҳим сигнал ҳисобланади.
– Семинар оналик ва болалик йўналишида фаолият юритаётган раҳбар ходимлар учун ҳам долзарб аҳамиятга эга бўлди. Унда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишда сифатни бошқариш, хавфларни барвақт аниқлаш, пациентга йўналтирилган хизматларни такомиллаштириш ҳамда жамоа ишини самарали ташкил этиш бўйича аниқ амалий ёндашувлар тақдим этилди. Бу эса нафақат тиббий хизмат сифатини ошириш, балки профилактика ва эрта диагностика тизимини кучайтириш орқали она ва болалар саломатлигини ишончли ҳимоя қилиш имконини беради, – деди Республика ихтисослаштирилган Она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё филиали директори, олий тоифали акушер-гинеколог Шаҳло Ҳожаева.
Семинар якунида барча иштирокчиларга халқаро сертификатлар топширилди.
[gallery-28895]
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА