Университетда Наврўз сайли (+видео)
Наврўз — бу нафақат қадимий байрам, балки халқларимизни бирлаштирувчи, дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамловчи бебаҳо қадрият. Бу байрам азалдан нафақат ўзбек, балки қирғиз, қозоқ, тожик, туркман ва озарбайжон каби халқларни бирлаштириб келаётган умуминсоний қадрият сифатида қадрланади ва кенг нишонланади.
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида ҳам “Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!” шиори остида байрам сайли бўлиб ўтди.
Унда Озарбайжон, Туркманистон, Қирғизистон, Туркия давлатлари Фавқулодда ва мухтор элчилари, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти, университет профессор-ўқитувчилари, талабалар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида турли давлатларнинг бой маданий меросини акс эттирувчи чиқишлар намойиш этилди. Юртимизнинг миллий лапар ва жонли ижро дастурлари тадбирга алоҳида руҳ бағишлади.
Тадбир доирасида байрам сайли ташкил этилиб, меҳмонлар учун миллий таомлар, маданий кўргазмалар ва интерактив дастурлар тақдим этилди.
Ташкил этилган миллий таомлар кўргазмасида ўзбек халқига хос меҳмондўстлик ва пазандачилик анъаналари уйғунлашиб, байрам дастурхонига алоҳида файз бағишлади.
Шунингдек, спортнинг миллий кураш тури бўйича талаба-ёшлар ўртасида ўтказилган мусобақалар, арқон тортиш беллашувлари иштирокчиларда соғлом рақобат ва жамоавийлик туйғусини мустаҳкамлади. Осмонда ҳилпираган ранг-баранг варраклар эса Наврўз шукуҳини янада жозибадор намоён этди.
Мазкур байрам тадбири Наврўзнинг асосий қадриятлари — дўстлик, ҳамжиҳатлик, маданий хилма-хиллик ва ўзаро ҳурматни яна бир бор намоён этди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/YGfffZRBlgk" title="Universitetda Navro‘z sayli" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Гулноза Бобоева,
Ойбек Давронов (видео), Анвархўжа Аҳмедов (монтаж), ЎзА