Туркманистон делегацияси инновацион ечимлар билан танишди
Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан амалга оширилаётган "Европа Иттифоқи Туркманистоннинг яшил ривожланиши учун: 2024-2028 йилларга мўлжалланган сиёсий мулоқот ва иқлим ҳаракатлари" миллий лойиҳаси доирасида Туркманистон делегациясининг Қорақалпоғистон Республикасига танишув ташрифи бўлиб ўтди.
Ташриф дастуридан Оролбўйи минтақаси экотизимларини тиклаш, иқлимга чидамлиликни ошириш ва барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлаш учун инновацион технологиялар ва илмий-амалий ечимларни жорий этишга қаратилган Оролбўйи халқаро инновация марказига ташриф ҳам ўрин олган.
Делегация таркибига Туркманистон Энергетика вазирлиги, Туркманистон давлат энергетика институтининг "Қайта тикланувчи энергия манбалари" илмий-ишлаб чиқариш маркази вакиллари, шунингдек, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) мутахассислари киришди.

Ташриф давомида меҳмонларга марказнинг асосий йўналишлари, жумладан, қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этиш, сув ресурсларини оқилона бошқариш, барқарор аквакултурани ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, чўлланишга қарши курашиш, биологик хилма-хилликни сақлаш ва маҳаллий ҳамжамиятларнинг иқлим ўзгариши оқибатларига чидамлилигини ошириш бўйича фаолияти тақдим этилди.
Оролбўйи халқаро инновация маркази ҳудудида амалга оширилаётган тажриба лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратилди. Делегация қуёш ва шамол энергетикаси қурилмалари, замонавий томчилатиб суғориш тизимлари, ирригация технологиялари ва сув ресурсларини самарали бошқариш, деградацияга учраган ерларни мелиорация қилиш амалиётлари билан танишди. Бундан ташқари, ташриф иштирокчиларига Оролбўйининг қурғоқчил иқлими шароитида мослашувчан деҳқончилик, ўсимлик қопламини тиклаш ва биологик хилма-хилликни сақлаш соҳасидаги тадқиқотлар натижалари тақдим этилди.

Кўргазма майдончаларини кўздан кечириш чоғида Марказ мутахассислари қишлоқ хўжалиги барқарорлигини ошириш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга қаратилган инновацион технологияларни жорий этиш тажрибаси билан ўртоқлашдилар. Туркманистон делегацияси вакиллари амалга оширилаётган лойиҳаларнинг амалий натижалари билан танишиб, иқлим ўзгариши бўйича ҳаракатлар, ер ва сув ресурсларини барқарор бошқариш, шунингдек, қайта тикланадиган энергетикани ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири