Тошкентда онкология бўйича халқаро маҳорат дарси ташкил этилди
Тошкент шаҳрида кўкрак бези саратонини ташхислаш ва даволашнинг замонавий ёндашувларига бағишланган уч кунлик халқаро маҳорат дарси ўз ишини бошлади.
Тадбир “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан Франциянинг AP-HP давлат шифохоналари тизими, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилди.
Маҳорат дарсида республиканинг барча ҳудудларидан 70 нафар мутахассис иштирок этмоқда. Улар орасида Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда унинг ҳудудий филиалларида фаолият юритаётган онкомаммологлар, кимётерапевтлар, радиотерапевтлар ва радиологлар бор.
Мазкур ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президентининг аёллар ўртасида онкологик касалликларни назорат қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қарори ижросининг амалий натижаларидан бири ҳисобланади.
[gallery-29908]
Кейинги йилларда мамлакатимизда онкологик касалликларни эрта аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва даволаш самарадорлигини ошириш давлат сиёсати даражасидаги муҳим вазифалардан бирига айланди.
Таъкидланишича, кўкрак бези саратони Ўзбекистонда аёллар ўртасида учрайдиган онкологик касалликлар орасида биринчи ўринни эгаллайди.
Ўтган 2024 йилда шу касаллик бўйича мамлакатда қарийб 4700 та янги ҳолат қайд этилган. Бу эса касалликни эрта босқичда аниқлаш ва даволашнинг замонавий усулларини жорий этишни янада долзарб масалага айлантирмоқда.
Маҳорат дарси давомида иштирокчилар эрта диагностика, диагностик маълумотларни таҳлил қилиш, шахсийлаштирилган терапия, мураккаб клиник ҳолатларни бошқариш ҳамда онкологияда халқаро стандарт ҳисобланган мультидисциплинар ёндашув бўйича билим ва кўникмаларини оширади.
Тадбир доирасида “Эл-юрт умиди” жамғармаси ва Франциянинг йирик университет шифохоналари тизими бўлган AP-HP ўртасида ҳамкорлик меморандуми ҳам имзоланди. Ҳужжат қўшма таълим дастурларини ривожлантириш, стажировка ва малака ошириш курсларини ташкил этиш, илмий тадқиқотлар ўтказиш, академик алмашинувлар ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА