Туризм фестивали: Жиззах дунё нигоҳида
Жиззах вилояти бу йил яна бир йирик халқаро тадбирга мезбонлик қилиш арафасида. Табиат, маданият ва замонавий туризм имкониятларини ўзида мужассам этган “Jizzakh Open Air” халқаро туризм фестивали нафақат ҳудуднинг сайёҳлик салоҳиятини намоён этади, балки мамлакатимизнинг халқаро туризм харитасидаги нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раҳбарлигида ўтказилган мажлиснинг 110-сонли баёнида Жиззах вилоятида “Jizzakh Open Air” халқаро туризм фестивалини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ муҳим вазифалар белгилаб берилганди.
Хусусан, баённинг 20-бандига мувофиқ, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси ҳамда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига фестивални оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг ёритиш тавсия этилди.

Бу бежиз эмас. Зеро, кейинги йилларда мамлакатимизда туризмни иқтисодиётнинг стратегик тармоқларидан бирига айлантириш, ҳудудларнинг ўзига хос имкониятларини халқаро майдонда кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шу жараёнда Жиззах вилояти ҳам ўзининг бой табиий ресурслари, ноёб ландшафтлари, миллий қадриятлари ва замонавий туризм инфратузилмаси билан алоҳида ажралиб турибди.
“Jizzakh Open Air” халқаро туризм фестивали айнан шу имкониятларни ягона майдонда намоён этишга қаратилган йирик маданий-туристик лойиҳа ҳисобланади.

“Open Air” атамаси халқаро амалиётда очиқ осмон остида ташкил этиладиган оммавий фестиваллар, маданий тадбирлар ва туристик форумларни англатади. “Jizzakh Open Air” эса Жиззах вилоятининг бетакрор табиати, тоғли ҳудудлари, миллий анъаналари, гастрономик мероси ва замонавий туризм салоҳиятини маҳаллий ҳамда хорижий меҳмонларга намойиш этишга қаратилган халқаро майдон вазифасини бажаради.
Мутахассислар таъкидлаганидек, бугунги кунда дунё туризм бозорида айнан табиат қўйнида ташкил этиладиган фестиваллар сайёҳларни жалб қилишнинг энг самарали воситаларидан бирига айланмоқда. Шу маънода, Жиззах вилоятининг Зомин миллий табиат боғи, Фориш туманининг экотуризм масканлари, Айдар-Арнасой кўллар тизими, Ухум қишлоғи ва бошқа сайёҳлик объектлари фестивалнинг табиий устунликларини ташкил этади. Вилоятда кейинги йилларда туризм инфратузилмасини ривожлантириш, янги туристик йўналишлар ташкил этиш ва хизматлар сифатини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жиззах вилоятида туризм йўналишида ўтказилаётган фестиваллар ва маданий тадбирлар ҳам ҳудуднинг туристик жозибадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Шу нуқтаи назардан қараганда, “Jizzakh Open Air” фестивали ҳудуднинг туристик брендини шакллантириш, хорижий туристлар оқимини кўпайтириш ва янги инвестиция лойиҳаларини жалб қилишга хизмат қилувчи муҳим платформа бўлиши кутилмоқда.
Айниқса, фестивал доирасида Жиззах вилоятининг экологик, гастрономик, этнографик, спорт ва экстремал туризм имкониятларини кенг тарғиб қилиш режалаштирилгани унинг аҳамиятини янада оширади. Бугунги кунда Зомин ҳудудида халқаро спорт ва экотуризм тадбирларининг мунтазам ўтказилаётгани ҳам вилоятнинг туризм соҳасидаги нуфузи тобора ортиб бораётганини кўрсатади.

Муҳими, фестивал мамлакатимизда амалга оширилаётган “Янги Ўзбекистон — туристлар учун очиқ мамлакат” тамойилининг амалий ифодаси бўлиб хизмат қилади. Бу орқали нафақат Жиззах вилоятининг, балки бутун Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, бетакрор табиати ва меҳмондўстлик анъаналари халқаро жамоатчиликка янада кенгроқ намоён этилади.
Бош вазир раҳбарлигидаги мажлисда оммавий ахборот воситалари олдига қўйилган вазифалар ана шу мақсадларга эришишда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, бугунги ахборот маконида ҳар қандай нуфузли халқаро тадбирнинг муваффақияти унинг медиа қамрови ва ахборот тарғиботи билан ҳам бевосита боғлиқ.

Шу боис фестивалга тайёргарлик жараёнлари, унинг дастури, иштирокчилари, туристик йўналишлар ҳамда ҳудудда яратилаётган қулайликларни тезкор ва холис ёритиш орқали Жиззах вилоятининг замонавий қиёфасини кенг аудиторияга етказиш долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
“Jizzakh Open Air” халқаро туризм фестивали мамлакатимиз туризм соҳасидаги яна бир муҳим воқеага айланиши, Жиззах вилоятининг халқаро майдондаги имижини мустаҳкамлаши ва Янги Ўзбекистоннинг очиқлик ҳамда жозибадорлик сиёсатини яна бир бор намоён этиши кутилмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири