“Умра + Ўзбекистон” маршрути халқаро бозорда қизиқиш уйғотди
Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида ўтказилган “HUITM – Umrah Plus International Travel Market & Exhibition 2026” халқаро кўргазма ва воркшопи Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш учун муҳим майдонга айланди.
Мазкур тадбир доирасида мамлакатимизнинг бой тарихий-маданий мероси, зиёрат туризми имкониятлари ҳамда “Умра + Ўзбекистон” йўналиши хорижий ҳамкорларга тақдим этилди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси, Ўзбекистон Умра зиёратлари сайёҳлик агентликлари ассоциацияси, Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси ҳамда Малайзиянинг қатор туризм ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда икки мамлакат туризм соҳаси вакиллари ўртасида янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, қўшма лойиҳаларни муҳокама қилиш ва туризм оқимини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Кўргазмада Ўзбекистондан зиёрат туризми соҳасида фаолият юритаётган ўнга яқин туризм компанияси ва меҳмонхона вакиллари иштирок этди. Улар Малайзия ҳамда бошқа давлатлардан келган 30 дан ортиқ халқаро туризм компаниялари билан B2B учрашувлар ўтказиб, ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.
Музокаралар давомида Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси билан боғлиқ муқаддас қадамжолари, Самарқанд, Бухоро ва Термиз каби тарихий шаҳарларининг сайёҳлик имкониятлари, шунингдек, мамлакатда яратилган замонавий туризм инфратузилмаси ҳақида атрофлича маълумот берилди. Айниқса, Малайзия фуқаролари учун Саудия Арабистонига умра сафари билан бир қаторда Ўзбекистон бўйлаб зиёрат ва маданий саёҳатларни ўз ичига олган турпакетларнинг афзалликлари кенг ёритилди.
Учрашувлар якунларига кўра, дастлабки босқичда Малайзиядан Ўзбекистонга 2 минг нафардан ортиқ сайёҳни жалб этиш бўйича келишувларга эришилди. Шунингдек, қўшма туристик маҳсулотлар ишлаб чиқиш, сайёҳлар алмашинувини кўпайтириш ва зиёрат туризми соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА