Тупроқни таҳлил қилиб экиш - ҳосилни 20 фоизга оширади (+видео)
Мутахассисларнинг таҳлилларига кўра тупроқ хусусиятларини яхши билмай туриб, мўл ҳосил етиштиришнинг иложи йўқ. Буни айниқса далада “суяги қотган” фермер, тажрибали деҳқонларимиз яхши билади. Қишлоқ хўжалигида маҳсулотларни етиштиришда ҳосилдорлик биринчи навбатда тупроқ унумдорлигига бевосита боғлиқдир. Аммо, минерал ўғитлардан нотўғри фойдаланиш, меъёрни билмаслик оқибатида ерлар деградацияга учрамоқда.
Республикамиздаги суғориладиган майдонларнинг қарийб 55 фоизи турли даражада шўрланган. Мутахассисларнинг айтишича, агар ушбу шўрланишнинг олди олинмаса, яқин йиллар ичида бу каби экин майдонларидаги ҳосилдорлик 70% гача тушиб кетиши мумкин экан.
Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти зиммасига бу борада катта масъулият юклатилган. Жумладан, ерларнинг деградацияси ҳамда чўлланиши жараёнларининг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш бўйича долзарб фундаментал, илмий-амалий ва инновацион тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, аграр соҳа учун тавсиялар ишлаб чиқиш.
-Ҳозирги кунда Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институтида пахта экиладиган майдонларнинг микроэлементлар билан таъминланганлик картограммаларини ишлаб чиқиш бўйича пилот лойиҳаси юзасидан амалий ҳаракатлар олиб борилмоқда, - дейди институтнинг картографик таҳлил бўлими бошлиғи Суҳроб Санақулов. - Бу лойиҳамизда Сирдарё вилояти Гулистон туманидаги 14 та массив, 22 167 гектар майдон танлаб олинди. Қишлоқ хўжалиги вазирлигига, фермер ва кластерларга 1:10 000, 1:25 000 масштабли микроэлементлар билан тўйинганлик даражасини кўрсатувчи картограммалар тақдим этилади.
Бугунги кунда институтнинг лабораториясида замонавий технологиялар ёрдамида суғориладиган ва лалми ерларнинг унумдорлик даражасини аниқлаш бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга, тупроқнинг ҳолатини оператив кузатиш ва диагностика қилиш, унинг унумдорлигини ошириш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқиляпти. Зеро, тупроқнинг таркиби, унинг тузилишини билмасдан туриб, ерлардан самарали фойдаланиб бўлмайди.
Лабораторияда ўтказилган синов натижалари тупроқнинг ҳолати ҳақида ишончли маълумот беради ва мутахассисларнинг экинларга агротехник ва мелиоратив тадбирларни, ўғитларни табақалаштирилган ҳолда меъёр ва муддатини белгилашга ёрдам беради. Ушбу маълумотлар фермер ва деҳқон хўжаликларига мақбул усулларда тақдим этилади. Шу билан бирга бугун соҳа тўлиқ рақамлаштирилмоқда. Онлайн платформа орқали ҳам фойдаланувчилар ўзларига керакли маълумотларни олишлари мумкин бўлади.
Экин мавсумида деҳқонларимизнинг ер майдонларидан самарали фойдаланишларида, аввало тупроқнинг таркиби ва ҳолатини ҳисобга олган холда ўсимликларнинг жойлаштиришлари албатта келгусида мўл ҳосил олишларига замин яратади.
<iframe width="640" height="350" src="https://www.youtube.com/embed/zslWXfvqIBY" title="Tuproqni tahlil qilib ekish - hosilni 20 foizga oshiradi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Ойбек Давронов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА