Хориждаги ватандошлар IT Park Uzbekistan фаолияти ва ҳамкорлик имкониятлари билан танишди
«Uz Global Think — Янги Ўзбекистон тараққиётида хориждаги ватандошларнинг илмий ва экспертлик салоҳияти» халқаро форуми доирасида хорижда фаолият юритаётган ватандошлар учун IT Park Uzbekistan’га ташриф ташкил этилди.
Тадбирда хорижий илмий ва экспертлик доиралари вакиллари бўлган ватандошлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитанинг масъул ходимлари иштирок этди.

Тадбир давомида меҳмонларга IT Park Uzbekistan’нинг фаолияти, мамлакатда IT соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, стартаплар экотизими ҳамда халқаро ҳамкорлик имкониятлари ҳақида маълумот берилди.

Дастлаб меҳмонларга IT Park Uzbekistan фаолиятига бағишланган тақдимот ва стартаплар ҳақидаги промо-видео намойиш этилди. Шунингдек, IT Park Uzbekistan Ижрочи директори Жаҳонгир Ражабов IT соҳаси учун яратилаётган шароитлар ва сўнгги йилларда эришилган натижалар ҳақида сўз юритди.
Шундан сўнг Стартаплар оқимини ривожлантириш бўлими бош менежери Усмон Раҳимжонов IT Park Uzbekistan’нинг асосий фаолият йўналишлари, стартаплар экотизими, яратилаётган имкониятлар, шунингдек, хориждаги ватандошлар учун мўлжалланган махсус бонус тизими ва амбассадорлик дастурлари ҳақида тақдимот қилди.
Ташриф доирасида меҳмонлар UZINFOCOM кўргазмалар залига ҳам бориб, электрон ҳукумат соҳасида жорий этилган рақамли ечимлар билан танишди.
Тадбир якунида хориждаги ватандошлар ва IT Park Uzbekistan ўртасида келгусида ҳамкорликни ривожлантириш, уларнинг халқаро тажрибаси, профессионал алоқалари ва экспертлик салоҳиятидан Ўзбекистон IT экотизимини ривожлантиришда самарали фойдаланиш бўйича қизиқиш билдирилди.
Ташриф иштирокчиларига Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган махсус эсдалик совғалари топширилди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА