Трампнинг Ғазо келажаги бўйича режаcи
19 январдан бери Ғазода Исроил ва Фаластиннинг ХАМАС ҳаракати ўртасида эришилган келишув доирасида ўт очишни тўхтатиш режими амал қилмоқда. Сулҳ кафиллари – Қатар, Миср ва АҚШ Қоҳирада мувофиқлаштирувчи марказ ташкил қилган.
Шу аснода секторни қайта тиклаш ҳамда уй-жойидан маҳрум бўлган қарийб бир ярим миллионлик фаластинликни муваққат бошпана билан таъминлаш масаласи ҳам кун тартибига чиқди. Президент Трамп режасига кўра, уларни қўшни мамлакатларга тақсимлаб, кўчириб туриш зарур. Жабрдийдаларга вақтинча бошпана берувчи давлатлар сифатида Миср ва Иордания кўрилмоқда.
Бинобарин, бу ташаббус кучли қаршиликка дуч келмоқда. Миср мамлакатга фаластинликлар кириб келиши миллий хавфсизликка таҳдид, деб ҳисоблайди. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху уруш бошида шу масалани кўтарганда Президент Абдул-Фаттоҳ Ас-Сиси айни ҳаракат Исроил ва Миср ўртасидаги тинчлик келишувига хавф туғдиришини очиқ айтганди.
Иордания эса 1948 йилдаги урушдан сўнг Исроил томонидан мажбуран кўчирилган фаластинлик қочқинлар қабул қилиниши қироллик тарихидаги энг аянчли воқеалардан бири бўлганини таъкидлаб келади.
Бундан бир неча кун аввал Фаластин маъмурияти Бош вазири Муҳаммад Мустафо “Bloomberg” агентлигига АҚШ ва Саудия Арабистони кўмагида Ғазони қайта қуриш режасига тўхталиб, мазкур ташаббусни муҳокама қилиш ҳукумат режасида йўқлиги, чунки фаластинликлар ўз юртида қолишга аҳд қилганини тасдиқлади.
Куни кеча жаҳон оммавий ахборот воситалари Президент Дональд Трамп АҚШга келган Исроил етакчиси билан музокара ўтказиб, Ғазонинг кейинги тақдирини муҳокама қилгани ҳақида хабарлар тарқатди. Маълум қилинишича, Оқ уй раҳбари Қўшма Штатлар секторни назорат қилиши, минтақадаги ишлар учун жавобгар бўлишини таъкидлаган:
– Қўшма Штатлар Ғазо устидан назоратни қўлга олади, биз ҳудуддаги ишлар, барча портламай қолган бомбалар ва бошқа қуролларни зарарсизлантириш, ҳамма жойни тозалаш, вайрон бўлган биноларни текислаш учун жавобгар бўламиз. Минтақа аҳолиси чексиз иш ва уй-жой билан таъминланадиган иқтисодиёт яратиш керак. Сектор ҳозир яшаш учун ёмон жой. Фаластинликларнинг ҳудудда қолиш қарорига асосий сабаб, бошқа борадиган жойлари йўқлиги. Қўшма Штатлар Ғазода узоқ вақт қолиб, секторга эгалик ҳолатида бўлади. Мен узоқ муддатли эгалик позициясини, бу тинчлик Яқин Шарқнинг шу қисми ёки бутун минтақага барқарорлик олиб келишни кўряпман.
Америка етакчиси тез орада Исроил, Ғазо ва Саудияга ташриф буюришини айтган, аммо сафарлар қачон амалга оширилишига аниқлик киритмаган. Шунингдек, Қўшма Штатлар кўчириш жараёнини молиялаштирмаслиги, бунинг учун етарли маблағи бор Яқин Шарқ давлатлари мавжудлигини эслатган:
– Биз уларга муқобил йўл таклиф қиламиз – яхши чегараси, уй-жойи бўлган гўзал, очиқ жойда ҳаёт. Бундай шароитни яратиш учун Яқин Шарқда пул бор. Ғазо қайта қурилиб, минтақанинг энг сўлим гўшасига, ўйлайманки, халқаро миқёсда ақл бовар қилмайдиган жойга айланади. Ғазонинг салоҳияти жуда юқори. Ҳудудда бутун дунё, жумладан фаластинликлар ҳам ўзларини намоён қилади.
Трамп минтақада “феноменал иш қилиш имконияти” борлигига ишонишини қўшимча қилди. АҚШ мақсадга эришиш йўлида, ҳатто, секторга қўшин юбориши мумкинлигини ҳам истисно этмаяпти.
– Нима керак бўлса, шуни қиламиз, – деган у Нетаньяху билан учрашувда.
Америка раҳбари яна бир орзусини ҳам яшира олмади:
– Менга ҳеч қачон тинчлик бўйича Нобель мукофотини бермайдилар. Шунга лойиқман, лекин улар бундай ҳисобламайдилар.
Дарҳақиқат, сайлов олди кампаниясида таъкидлаб келганидек, Россия – Украина инқирози ва Яқин Шарқ можаросига нуқта қўя олса, Трампнинг тинчлик бўйича Нобель мукофаатига муносиблиги ҳеч кимда шубҳа туғдирмаса керак.
Дунё сиёсатчилари аллақачон айни мавзуни муҳокама қила бошлаган. Масалан, бир неча кун аввал Жанубий Кореянинг “Чуган Чосон” нашри Корея Республикаси парламенти разведка қўмитаси раиси ўринбосари Пак Сон Вон Трампни тинчлик бўйича Нобель мукофотига таклиф қилганини ёзди.
Аввалроқ Шарқий Тимор Президенти Хосе Рамос-Хорта ҳам АҚШ етакчисининг саъй-ҳаракати билан шу икки йирик зиддият барҳам топса, унинг номзодини илгари суришга тайёрлигини билдирган. Бу борада Беларусь Президенти Александр Лукашенко қуйидаги фикрни билдирган:
– Трамп тинчликпарвар бўлса, кўпчилик уни Нобель мукофотига номзод қилиб кўрсатишга тайёр. Афсуски, бу эътироф энди ҳеч нарсани англатмайди.
С.Раҳимов, ЎзА