Тожикистон элчиси брифинг ўтказди
Бугун Тожикистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонасида жорий йил 25-28 май кунлари Душанбе шаҳрида бўлиб ўтадиган “Барқарор ривожланиш учун сув” мавзусидаги халқаро конференция олдидан брифинг ташкил этилди.
Тадбирда хорижий дипломатлар, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ташкилотлар вакиллари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Йиғин аввалида ушбу қардош давлатнинг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Насриддин Исматулло сўзга чиқиб, Тожикистон кўп йиллардан буён сув дипломатияси соҳасида халқаро саъй-ҳаракатларнинг фаол ташаббускори сифатида изчил амалий иш олиб бораётгани, хусусан мамлакат етакчиси Эмомали Раҳмон томонидан илгари сурилаётган глобал ташаббуслар минтақа манфаатига хизмат қилаётганини таъкидлади.
[gallery-28735]
– Тожикистоннинг тўрт ташаббуси – “Халқаро чучук сув йили” (2003), “Ҳаёт учун сув” халқаро ҳаракатлар ўн йиллиги (2005-2015), “Халқаро сув ҳамкорлиги йили (2013) ва “Барқарор ривожланиш учун сув” халқаро ҳаракатлар ўн йиллиги (2018-2028) халқаро ҳамжамият томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди, – деди элчи ўз маърузасида. Зеро, бу лойиҳалардан кўзланган асосий мақсад сайёрамизнинг глобал муаммоларини ҳал қилиш, жумладан иқлим ўзгариши ва сув танқислигининг олдини олишдир.
Дипломат таъкидлашича, Душанбедаги бўлажак конференция муайян таклифлар илгари суриш, трансформацион ечимлар намойиш этиш учун давлат ва ҳукумат раҳбарлари, вазирлар, БМТ тузилмалари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, молия институтлари, илмий муассасалар, фуқаролик жамияти, ёшлар ва хусусий сектор вакилларини бир жойга тўплайди. Мутахассислар эътибори БМТнинг 2023 йилги Сув ресурслари бўйича конференцияси томонидан белгиланган суръатни сақлаб қолиш ва янада ривожлантириш, Сув ресурслари бўйича ҳаракатлар кун тартибини амалга оширишга кўмаклашиш мавзуларига қаратилади. Умуман, Тожикистонда 2028 йил бўлиб ўтадиган БМТ Сув ресурслари бўйича конференцияси арафасида қизғин, муҳокама ва мунозара йўлга қўйилади.
– Анжуманнинг асосий натижаси “Якуний декларация, Ҳамраислар хулосаси ва БМТнинг 2026 йилги Сув ресурслари бўйича конференциясига қўшилган расмий ҳисса”да аксини топади, – дея қўшимча қилди элчи Н.Исматулло. – Дарвоқе, ушбу тадбир 2028 йил бўлиб ўтадиган “Барқарор ривожланиш учун сув” халқаро ўн йиллиги якуний конференциясигача давом этадиган изчил жараённинг бир қисмидир.
Ў.Алимов, С.Ўрмонов (сурат), ЎзА