Ўзбекистон халқаро тарози ва ўлчовлар бюросининг тўлақонли аъзосига айланди
Жорий йил 13 апрель Ўзбекистон метрология соҳаси тарихида муҳим ва рамзий сана сифатида қайд этилди. Айнан шу куни мамлакатимиз расман Халқаро тарози ва ўлчовлар бюроси (BIPM)нинг тўлақонли аъзосига айлангани эълон қилинди. Бу эса Ўзбекистоннинг халқаро метрология тизимига тўлиқ интеграциялашувида янги босқични бошлаб берди.
Маълумки, 2025 йил 27 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Халқаро метрик Конвенцияга Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида”ги Қонун имзоланган эди. Мазкур ҳужжат мамлакатимиз метрология тизимини халқаро стандартларга мослаштириш, ўлчашлар аниқлиги ва ишончлилигини таъминлаш борасида муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди.
Бу қадам орқали Ўзбекистон 1875 йилда ташкил этилган ва бутун дунёда ўлчашлар бирлигини таъминлашга хизмат қиладиган нуфузли Халқаро метрик Конвенциянинг тўлақонли иштирокчисига айланиш имкониятига эга бўлди. Шу тариқа, 2026 йил 13 апрель куни мазкур жараён мантиқий якунига етди ва мамлакатимиз расман Халқаро тарози ва ўлчовлар бюроси (BIPM)нинг тўлақонли аъзоси сифатида эътироф этилди.
Мазкур воқеа мамлакатимиз метрология соҳаси учун беқиёс аҳамиятга эга. Хусусан, ушбу аъзолик Ўзбекистонга халқаро ўлчов стандартларини шакллантириш жараёнларида иштирок этиш имконини беради.

Шунингдек, BIPM ва унинг консультатив қўмиталари фаолиятида тўлақонли қатнашиш, миллий метрология мутахассисларининг халқаро даражада малака ошириш имкониятларини кенгайтириш, ўлчашлар бирлигини халқаро талаблар асосида таъминлаш имконини беради.
Қолаверса, маҳсулот ва хизматларнинг халқаро бозорда рақобатбардошлигини ошириш, инвесторлар ишончини мустаҳкамлаш,
экспорт салоҳиятини кенгайтириш, халқаро рейтинг ва индексларда мамлакат позицияларини яхшилаш имкониятларини яратади.
Шунингдек, Ўзбекистон энди BIPMнинг Консультатив қўмиталари (CCs) йиғилишларида иштирок этиш, овоз бериш ва сайловларда ўз номзодларини илгари суриш ҳуқуқига ҳам эга бўлди. Бу эса мамлакатимиз илмий салоҳияти ва метрология соҳасидаги мутахассислар имкониятларини халқаро даражада намоён этиш учун янги имкониятлар очади.
Халқаро метрик Конвенцияга қўшилиш мамлакатимизда аниқ, ишончли ва халқаро талабларга жавоб берадиган ўлчаш тизимини шакллантиришга хизмат қилади. Бу эса, ўз навбатида, халқаро ҳамкорлар, инвесторлар ва ташкилотларнинг Ўзбекистон маҳсулотлари, хизматлари ва сертификатларига бўлган ишончини янада оширишга замин яратади.
2026 йил 13 апрель — Ўзбекистон метрологияси тарихига олтин ҳарфлар билан ёзиладиган кун сифатида қайд этилди. Бу нафақат муҳим воқеа, балки мамлакатимизнинг илмий-техник тараққиётини жадаллаштириш, халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш ва миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини ошириш йўлидаги катта ютуқдир.
Ш. Маматуропова, ЎзА