Тошкент архитектура-қурилиш университети ҳузурида Интеграциялашган дастурлар олий мактаби ташкил этилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республикада халқаро таълим стандартлари асосида ўрта махсус, касбий ва олий таълим дастурларини жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, тажриба-синов тариқасида Тошкент архитектура-қурилиш университети ҳузурида Интеграциялашган дастурлар олий мактаби ташкил этилади.
Олий мактаб фаолияти Буюк Британиянинг нуфузли олий таълим ташкилотлари андозаси асосида йўлга қўйилади.
Олий мактаб Университетнинг юридик шахс мақомига эга давлат муассасаси шаклидаги таркибий бўлинмаси ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга ҳамда Ғазначилик хизмати қўмитасида шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади.
Таълим жараёни Буюк Британиянинг 3-8-таълим даражаларига мувофиқ дастлабки босқичда Норзамбриа (Northumbria) ва Хертфордшир (Hertfordshire) университетлари, кейинчалик QS (Quacquarelli Symonds) ёки THE (The Times Higher Education) халқаро рейтинг ташкилотлари глобал рейтингининг топ-300 талик рўйхатига кирувчи бошқа ҳамкор олий таълим ташкилотлари томонидан тан олинадиган дастурлар асосида йўлга қўйилади.
Олий мактаб ва бошқа ҳамкор олий таълим ташкилотларида амалга ошириладиган таълим дастурлари "Эл-юрт умиди" жамғармаси дастурлари доирасида стипендиатлар учун таълимнинг дастлабки босқичини Ўзбекистон Республикасида амалга ошириш, кейинги босқичларини Буюк Британия ва бошқа давлатларнинг етакчи ҳамкор олий таълим ташкилотларида узлуксиз давом эттириш имкониятини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилади.
Мактабни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларга хорижий ҳамкор олий таълим ташкилоти ва Олий мактабнинг Ўзбекистон Республикасида олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган дипломи берилади.
Олий мактабнинг олий бошқарув органи Кузатув кенгаши ҳисобланади, унинг таркибига Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Бошқарув самарадорлиги агентлиги, Марказ, Университет ва хорижий ҳамкор таълим ташкилотлари ҳамда йирик компания вакиллари киритилади.
Кузатув кенгаши таркиби Олий мактаб директори таклифига асосан олий таълим, фан ва инновациялар вазири томонидан тасдиқланади.
Қуйидагилар Кузатув кенгашининг асосий вазифалари ҳисобланади:
Олий мактабга талабаларни қабул қилиш параметрларини, ундаги таълим шакли ва тилини, шунингдек, талабаларни қабул қилиш ва ўқитиш тартибини белгилаш;
Олий мактабда янги бакалавриат таълим йўналишлари, магистратура ва докторантура мутахассисликларини очиш;
Олий мактаб раҳбарияти ва ходимлари ҳамда профессор-ўқитувчиларини ишга қабул қилиш тартибини белгилаш, шунингдек, уларнинг фаолиятига баҳо бериш, улар фаолиятининг асосий самарадорлик кўрсаткичларини (KPI) тасдиқлаш;
Олий мактабни ривожлантиришнинг ўрта ва узоқ муддатли стратегик режаларини тасдиқлаш;
ўқув жараёнига етакчи маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб этиш, Олий мактаб ходимларининг иш ҳақи ва бошқа тўловлар миқдорини белгилаш;
Олий мактабнинг ўрта муддат учун шакллантириладиган бизнес-режаси ҳамда даромадлар ва харажатлар параметрларини тасдиқлаш, уларнинг ижросини муҳокама қилиш.
Олий мактабнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат бўлади:
Буюк Британиянинг илғор тажрибаси асосида олий таълим тизимини такомиллаштириш ҳамда республика иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш;
Марказ томонидан иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа учун ишлаб чиқилган интеграциялашган таълим дастурлари асосида ўқув жараёнини йўлга қўйиш;
олий таълим ташкилотларининг буюртмалари асосида профессор-ўқитувчилар ҳамда тегишли мутахассислар учун Буюк Британия ва бошқа давлатларнинг методологиясига мувофиқ малака ошириш курсларини ташкил этиш.
ЎзА