Тибетда тошқин: қурбонлар 400, бедараклар 1 500
Непал-Тибет чегарасида юз берган кучли тошқин ва кўчки оқибатида ҳалок бўлганлар сони 392 нафарга етди. Қутқарувчилар 1 ярим мингдан зиёд бедарак йўқолганларни излашни давом эттиряпти. Непал полицияси 389 кишининг жасади топилганини маълум қилди. Фалокат оқибатида бутун бошли қишлоқлар лой ва тошқин остида қолиб, уй, кўприк ва тўғонлар вайрон бўлган.
Бедараклар орасида хорижлик сайёҳлар, жумладан Ҳимолай тоғларига саёҳат қилган сайёҳлар ҳамда Тибетдаги муқаддас Кайлаш тоғини зиёрат қилган ҳиндлар бор. Непалда 910 киши, жумладан 517 нафар хорижлик билан алоқа узилган. Хитой томони Тибетдаги Жилонг портида юз берган лой кўчкиси оқибатида уч киши ҳалок бўлгани, 558 киши бедарак йўқолганини билдирган. АҚШ 90 нафар фуқароси билан алоқа йўқолганини маълум қилган.
АҚШ Геология хизмати дастлаб зилзила сифатида қайд этилган ҳодисага аниқлик киритиб, фалокатга музлик емирилиши ва улкан муз-сув-қоя оқими сабаб бўлганини билдирди. Муз парчаси қулаши натижасида ҳосил бўлган лой аралаш сув Непал ҳудуди бўйлаб қарийб 170 километргача оқиб борган. Мутахассислар водийда улкан чиқинди тўплами сув йўлини тўсиб қўйгани сабабли, янги тошқин хавфи сақланиб қолаётганидан огоҳлантирмоқда.

Фалокат ҳудудида Непал ҳарбийлари ва қутқарув хизмати махсус итлар ёрдамида вайрона остида қолганларни қидиряпти. Хитой Тибетда қутқарув ишларига қарийб 800 нафар фавқулодда хизмат ходими ва тез юрар қайиқлар жалб қилган. Непал ҳукумати зарар кўрган аҳолига зудлик билан ёрдам кўрсатиш ва беркилган йўлларни очиш вазифасини қўйган.
Мусулмон Зиё, ЎзА